Ўзбекистонда 2025 йилги Ҳаж мавсуми жорий йилнинг 13 май кунидан расман бошланади. Зиёратчиларни Саудия Арабистонига етказиш мақсадида 28 майга қадар ҳар куни махсус авиақатновлар амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълумотига кўра, ҳаж амалини адо этиш учун юртимиз зиёратчилари Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги халқаро аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри парвоз қиладилар.
Парвозлар Uzbekistan Airways, FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Ҳаж сафари олдидан зарур ташкилий ишлар тўлиқ бажарилди:
Зиёратчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди;
Барча керакли эмлаш ишлари якунланди;
Ҳар бир гуруҳга раҳбар ва шифокорлар бириктирилди;
Сафарга тайёргарлик доирасида амалий машғулотлар ташкил этилди;
Ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Қолаверса, ҳар бир зиёратчига «Ҳаж – буюк ибодатдир» номли қўлланма, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагичлар каби зарур жиҳозлар тақдим этилди.