Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг изоҳи

Улашиш:

Шу кунларда оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида 15 кун давомида рўйхатдан ўтмасдан вақтинча бўлиши мумкинлигига доир тартиб кучга киргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Шу муносабат билан қайд этамизки, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида ва Россия Федерацияси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишлари тартиби тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим 2021 йил 17 июнь куни имзоланган.

Битимнинг 1-моддасига кўра, бир Томон давлати ҳудудида вақтинча бўлиб турган бошқа Томон давлатининг фуқаролари 15 кун мобайнида келиш давлатининг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш) мажбуриятидан озод этиладилар.

2022 йил 20 январь куни мазкур халқаро шартномани тасдиқлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги россия томонига мамлакатимиз томонидан давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳақида тегишли билдиришномани юборди.

Таъкидлаш жоизки, Битимнинг 4-моддасига кўра, Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари Томонлар тарафидан бажарилгани тўғрисида охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали қабул қилинган санадан кучга киради.

Шундай қилиб, юқорида кўрсатилган Битим кучга кирмаган, зеро россия томонидан тегишли давлат ички тартиб-таомиллари ҳали якунланмаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.