ССВ: Ўзбекистон — Қозоғистон чегарасидан ўтиш вақтинча тўхтатилди, лекин ҳаво йўллари очиқ!

Улашиш:

Тегишли вазирлик ва идораларнинг таклифига кўра, Республика Махсус комиссиясининг навбатдаги баёнига мувофиқ, кеча, яъни 15 январдан Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасини икки давлат фуқаролари кесиб ўтиши вақтинча тўхтатилганидан хабарингиз бор.

Чунки сўнгги кунларда ушбу мамлакатда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кескин ошмоқда. Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра,  бу ерда биргина 15 январда 13,6 минг кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Бу 11 январга нисбатан қарийб 9 минг, 14 январга нисбатан эса 1,2 мингта кўп кўрсаткичдир.

Ўз навбатида, Қозоғистон  Республикаси ҳам 2020 йилнинг март ойидан буён пандемия тўлқини кучайган даврларда худди шу каби тақиқларни амалиётда қўллаб келмоқда.

Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасини икки давлат фуқароларининг кесиб ўтиши билан боғлиқ чекловлар қуйидаги шахсларга татбиқ этилмайди:

ҳаво йўллари орқали кирувчи барча тоифадаги фуқаролар;

чегарадош темир йўл станциялари ва автомобиль ўтказиш чегара
пунктлари орқали ватанига қайтган Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари (кейинги ўринларда томонларнинг фуқаролари деб юритилади);

ҳукуматлараро курьерлик алоқаси ходимлари;

халқаро юк ташишни амалга оширувчи ҳайдовчилар;

расмий (ҳукумат) делегациялари таркибида бўлган шахслар;

дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари;

Қозоғистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон объектлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қозоғистон объектларига хизмат кўрсатувчи ходимлар;

ушбу давлатларда инвестиция лойиҳаси доирасида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон, шунингдек, Қозоғистон фуқаролари;

Ўзбекистонда доимий яшовчи Қозоғистон фуқаролари, шунингдек, Қозоғистонда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари;

мазкур давлатларда таълим оладиган томонларнинг фуқаролари;

оғир касал бўлган яқин қариндошларини кўриш ёки яқин қариндошларининг дафн маросимида қатнашиш зарурати туфайли тиббий мақсадда кирувчи (кетаётган) томонларнинг фуқаролари;

вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадини олиб боришда Қозоғистон ҳудудида ва Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудида ҳамроҳлик қилаётган томонлар фуқаролари. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.