Қозоғистон лотин ёзувига ўтишга шошилмаяпти

Улашиш:

Қозоғистон лотин ёзувига ўтишга икки марта самарасиз уриниб кўрди, энди якуний тўхтамга келишдан аввал барчасини яхшилаб чамалаб кўришимиз керак, деди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев миллий қурултой йиғилишида.

Айрим жамоатчилик вакиллари Қозоғистон кирилл ёзувидан кечолмаётганидан хавотирда. Лотин ёзувига ўтиш лингвистик нуқтаи назардан жуда мураккаб масала, деди президент Тўқаев.

«Биз лотинчага ўтишга икки марта уриниб кўрдик. Бироқ натижа чиқмади», — таъкидлади Тўқаев.

Унинг фикрича, лотинчага узил-кесил ўтиш қарорига келишдан аввал масалани чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилиш керак. Лотинчага тезкор ўтиш келгусида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Қозоғистонда даставвал қозоқ тили имлоси қоидаларини қайта кўриб чиқиш ва фуқароларнинг барча қозоқча сўзларни тўғри ёзиш қоидаларини билишига эришиш керак.

Чуқур таҳлилий ишлардан кейингина Қозоғистоннинг лотин ёзувига ўтиши ҳақида гапириш мумкин, деди Тўқаев.

Маълумот учун: 2006 йилдаёқ лотин ёзувига ўтиш таклифини киритган собиқ президент Нурсултон Назарбоев 2017 йилда ҳукуматга алифбе ишлаб чиқиш топшириғини берган. Қозоғистон 2025 йилдан тўлиқ лотин алифбесига ўтиши режалаштирилганди, кейин эса ҳукумат бу воқеа 2023—2031 йиллар оралиғида юз бериши ҳақида баёнот берган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.