Тошкентда ҳаво инқирози: Президент кескин чоралар бўйича фармон чиқарди

Улашиш:

Тошкент шаҳрида экологик вазият тобора оғирлашиб, аҳоли саломатлигига жиддий хавф солаётган бир пайтда Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни махсус фармон имзолаб, вазиятни дарҳол барқарорлаштириш учун тезкор чоралар кўришни буюрди. Фармонга мувофиқ, пойтахтда экологик инқирозга қарши ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи махсус комиссия тузилди. Бу комиссиянинг вазифаси — кечиктириб бўлмас чоралар режасини ишлаб чиқиш, хаво сифати бўйича мониторингни кучайтириш ва барча идоралар ҳаракатини бир нуқтага жамлаш.

Фармон мамлакат раҳбарияти вазиятни жиддий сиёсий даражада кун тартибига киритганини кўрсатади. Айниқса, 20 ноябрь куни Тошкент дунёнинг энг ифлос ҳаволи мегаполислари рўйхатида етакчи ўринга чиққанидан сўнг хавотир янада ошганди. Мутахассислар бунга кескин ҳарорат ўзгаришлари сабаб юзага келган инверсияни асосий омил сифатида кўрсатмоқда. Инверсия — зарарли зарралар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолиши ва тарқалмаслиги оқибатида ҳаво сифати кескин ёмонлашадиган ҳолат. Бунинг натижасида нафас йўллари касалликлари кучаяди, аҳолининг хавфсизлигига жиддий таъсир юзага келади.

Фармондан бир кун олдин Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилигида ўтган йиғилишда ҳам aynan шу хавф таҳлил қилинди. Йиғилишда ҳаво сифати бўйича сўнгги кунлардаги рақамлар фавқулодда вазият даражасига етгани, аҳоли ўртасидаги хавотир кескин ортгани ва вазиятни барқарорлаштириш учун идоралар тезкор ҳамкорлик қилиши шартлиги таъкидланди. Бу, амалий жиҳатдан, экологик муаммо биринчи навбатда сиёсий даражада ҳал этилиши лозимлигига ишора қилади.

Шу пайтгача амалга оширилган чоралар ҳам бор. Хусусан, Яккасарой туманидаги Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан тўлиқ воз кечилди. Мазут — атмосферага энг кўп зарарли чиқиндилар чиқарувчи ёқилғилардан бири. Унинг ишлатилиши тўхтатилгани қисқа муддатда ҳаво сифати яхшиланишига хизмат қилади. Бироқ экспертлар фикрича, бу вақтинчалик енгиллик бўлиб, муаммонинг илдизи аниқланиб, тизимли ечимлар жорий этилмаса, вазият яна қайталаниши мумкин.

Президент фармони билан ташкил этилган комиссия ана шу тизимли ечимларни ишлаб чиқишни ўз зиммасига олади. Мутахассисларга кўра, Тошкентдаги экология муаммосининг асосий манбалари — транспорт чиқиндилари, қурилиш майдонларидан тарқалувчи чанғ, иситиш тизимларида паст сифатли ёқилғи ишлатилиши ва яшил майдонларнинг қисқариши. Демак, комиссия фаолияти нафақат қисқа муддатли чоралар, балки узоқ муддатли экологик стратегияни ҳам ўз ичига олиши керак.

Эслаш жоиз, аввалроқ пойтахтда “Яшил белбоғ” ва “Яшил коридор” лойиҳаларини амалга ошириш бошлангани маълум қилинганди. Бу ташаббуслар кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш орқали шаҳар ҳавосини табиий тозалашни назарда тутади. Бироқ бу лойиҳаларнинг ёлғиз ўзи муаммони ҳал этиши қийин. Чунки қолган омиллар — транспорт сиёсати, қурилиш назорати, иссиқлик манбаларидаги ифлосланиш — мустаҳкам ва қатъий назоратсиз самара бермайди.

Шу маънода Президент фармони экология масаласини биринчи марта давлат сиёсати даражасида инқироз деб баҳолаган, деса муболаға бўлмайди. Ҳозирги вазифа — комиссия ишининг самарадорлигини таъминлаш, топшириқлар қоғозда эмас, амалда бажарилишини назорат қилиш ва Тошкентни чиста ҳаволи мегаполисга айлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиш.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.