Тошкентда ҳаво сифати сўнгги кунларда сезиларли даражада ёмонлашди ва мутахассислар бунинг асосий сабабларини бир нечта бир вақтнинг ўзида кучайган табиий омиллар билан изоҳламоқда. Ўзгидромет маълумотларига кўра, майда дисперсли заррачалар – ПМ10 миқдорининг ошиши табиий инверсия, ёғингарчилик етишмаслиги ва арид жараёнлар кучайиши билан боғлиқ. Бу омиллар биргалашиб ҳавони қисқа вақтда ифлослантириб, шаҳар аҳолиси учун ноқулай экологик вазиятни келтириб чиқарган.
Энг катта таъсир кўрсатган омил – кескин ҳарорат алмашиши ортидан юзага келган инверсия. Инверсия шароитида паст ҳаво қатламида совуқ, юқорида эса иссиқ ҳаво сақланиб қолади. Ҳаво қаватлари аралашмаётгани боис заррача ва чанглар ер сатҳига яқин қисмда тўпланади ва тез суръатда концентрация ошади. Бу жараён на фақат Тошкентга, балки Олма-ота, Бишкек, Душанбе каби тоғ олди шаҳарларига ҳам хос бўлиб, ҳар йили ноябрдан февралгача кузатилади. Демак, ҳозирги ҳолат ғайриоддий эмас, лекин омиллар бир вақтда кучайгани натижасида таъсир кескинроқ сезилди.
Иккинчи муҳим омил — ёғингарчиликнинг узоқ вақт давомида йўқлиги. Ноябрь ойи бошидан бери Тошкентда деярли ёмғир ёғмади ва бу меъёрдан муқобил даражада паст кўрсаткич ҳисобланади. Ёғингарчилик ҳаводаги заррачаларни табиий тарзда ювиб, тозалаб туради. Ёмғирсиз кунлар эса чангларнинг узоқ вақт ҳавода муаллақ туришига, оқибатда умумий ҳаво сифати индикаторларининг пасайишига олиб келади.
Учинчи омил — минтақага хос арид жараёнларнинг кучайиши ва табиий чангланиш. Ўзбекистон қурғоқ ва яримқурғоқ иқлим ҳудуди сифатида жаҳонда чангланиш суръати энг юқори ўсиб бораётган маконлардан бири ҳисобланади. БМТ экспертлари маълумотига кўра, минтақада арид жараёнлар йил сайин янада фаоллашмоқда. Ўсимлик қопламининг қисқариши, тупроқнинг қуруқ ҳолда қолиши ва шамол таъсиридаги табиий чанг оқибатлари бу йил айниқса яққол сезилди. Ҳатто шамол паст бўлган кунларда ҳам ПМ10 кўрсаткичининг ошиши айнан шу омилга боғлиқ бўлди.
Мутахассислар фикрича, инверсия жараёни 24 ноябргача сақланиши мумкин. Бу даврда ҳавонинг табиий тарзда ўзгариши чекланади ва заррача миқдори маълум даражада юқори бўлиб туриши табиий ҳол. Ҳарорат барқарорлашиши билан ҳаво сифати ўз-ўзидан яхшиланади — инверсия тарқалади, ҳаво қаватлари аралашади ва чанг заррачалари юқори қатламларга кўтарила бошлайди.
Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимликлар, коммунал хизматлар ва ваколатли идоралар профилактик ва камайтирувчи чораларни кўрмоқда. Кўчаларни намлаш, яшил ҳудудларни қўшимча суғориш, жамоат жойларини нам тозалаш каби ишлар чангланиш даражасини қисман пасайтиради. Ўзгидромет эса аҳолини доимий хабардор қилиш мақсадида ҳаво сифати бўйича кунигa икки марта расмий маълумот тақдим этиб боради.
Муҳими, ҳозирги экологик вазият техноген ёки фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланмаяпти. Бу — табиий, вақтинчалик ва мавсумий жараён. Аммо мавсумийлик бу муаммонинг яна такрорланиш эҳтимоли юқори эканини англатади. Ҳудуддаги урбанизация суръатлари, автомобиль тирбандлиги, қурилиш ҳажми каби антропоген омиллар ҳам умумий манзарага ўз таъсирини қўшади. Шу боис мутахассислар тизимли экологик сиёсатни кучайтириш, яшил ҳудудлар миқдорини ошириш ва шаҳарлараро ҳаво айланиши имкониятларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидламоқда.
Аҳоли учун энг муҳим тавсия — ҳозирги даврда очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик, айниқса болалар, қариялар ва нафас йўллари касаллиги борлар учун эҳтиёткорлик чораларига риоя қилиш. Инверсия тугагач, вазият табиий равишда барқарорлашиши кутилмоқда.