Диний қўмита: Турли визалар билан Ҳаж амалларини бажаришнинг имкони йўқ

Улашиш:

Дин ишлари бўйича қўмита сўнгги пайтларда турли манбалар орқали умра визаси, туристик (зиёрат) виза ёки бизнес виза билан Ҳаж амалларини адо этишни ташкил қилишни ваъда қилаётган фирмалар кўпайганини, бироқ бундай турдаги визалар билан мавсум пайти Ҳаж зиёратини қилишнинг мутлақо имкони йўқлигини эслатмоқда.

«Ёдингизда тутинг! Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун сизда “Ҳаж-2024” визаси бўлиши шарт.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ чет эл фуқаролари учун ҳаж ибодатини адо этишнинг асосий шарти ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар (умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар) билан ҳаж тадбирини амалга ошириш Саудия қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган ва тегишли тартибда жазоланади
», – дея огоҳлантирмоқда Қўмита.

Шунингдек, идора Ҳаж сафарига бошқа давлатлар орқали турли ваъдалар билан олиб кетиш ҳолатлари кузатилаётганига ҳам тўхталган. Таъкидланишича, «бу каби хатти-ҳаракатлар Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қатъий чора кўрилишига сабаб бўлади».

Яъни, муборак сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш 6 ой қамоқ жазоси, Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100 минг саудия риёли (26 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга олиб келади.

Маълум қилинишича, биргина 2022-2023 йиллардаги Ҳаж масумида Ўзбекистон фуқаролари туристик, бизнес ва бошқа визалар орқали Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Ҳаж амаллари бажариладиган ҳудудларга кира олмаганлар. Ҳаж мавсуми арафасида зиёрат виза (туристик) олган ҳолда Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания ва бошқа давлатлар орқали келган минглаб фуқаролар эса Саудия Арабистони ҳудудига киритилмаган. Улар Подшоҳлик ҳаж қонунчилигини бузганлик учун Саудия Арабистонидан 10 йил муддатга депортация қилинган. Хусусан, 2023 йилда бутун дунёдан 150 мингдан ортиқ шахслар ушланиб жаримага тортилган ва депортация қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Ҳаж» тадбири Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилади. Мазкур ҳужжатга асосан, Ўзбекистон фуқаролари учун «Ҳаж» тадбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади. «Ҳаж» фаолияти билан бошқа ташкилотларнинг, хусусан, сайёҳлик ташкилотлари ва бошқаларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.