Сенатдаги қонун муҳокамаси: вафот этаётган шахслар, миллиардлаб зарар ва кучсиз жазо чоралари

Улашиш:

Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2023 йилда 10 минг 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган, жисмоний ва юридик шахсларга эса 270,4 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, агар ёнғин чиқишига олиб келган бўлса, маъмурий жавобгарликни белгилаш кўзда тутилмоқда. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс кодекснинг 38-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплашдан озод этилмайди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланадиган жазо санкцияларини ошириш кўзда тутилмоқда.

Маълум қилинишича, 2018—2022 йилларда республика ўрмон хўжаликларида жами 40 та ёнғин ҳисобга олиниб, натижада 431 гектар ўрмонзорларга жиддий зиён ва 20,296 миллиард сўмдан зиёд зарар етган.

Танзила Норбоева
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилиб, унга кўра, ўрмонда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш оқибатида ёнғин чиқишига олиб келса, фуқаро базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахс эса 20 бараваридан 25 бараваригача жаримага тортилади.

"Амалдаги қонунчиликда одамларнинг соғлиғига ёхуд ўзганинг мол-мулкига зарар етмаган бўлишига қарамасдан, шахснинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли ёнғин содир бўлганда ҳуқуқбузарнинг ижтимоий ҳимоясини таъминловчи норма мавжуд эмас эди.

Бу эса амалиётда муайян қийинчиликларни ва ҳуқуқбузарга нисбатан жазо чораларини қўллаш ҳолатларининг содир этилишига олиб келаётган эди.

Эндиликда кодексга киритилаётган қўшимча билан фуқаронинг айби билан уй-жой фондида рўй берган ёнғин ўзгаларга ва ўзгалар мол-мулкига зарар етказмаганда, бундай фуқароларни жавобгарликдан озод этиш назарда тутилмоқда
", — деди Сенат раиси.

Қонун муҳокамасида сенатор Толибжон Мадумаров бугунги кунда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳуқуқбузарларга нисбатан қўлланаётган енгил жазо чоралари кутилаётган натижани бермаётганини айтиб ўтди.

Толибжон Мадумаров
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

"Биргина мисол, 2023 йил 12 июнь куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги “Ризқ барака савдо комплекси”, “Қўқон истиқлол савдо комплекси”, “Буюк ипак йўли савдо комплекси” ва “Қўқон савдо комплекси” МЧЖларга қарашли савдо комплекслари ва уларга туташ қурилган ҳамда савдо шохобчалари сифатида фойдаланиб келинган 10 та аҳоли яшаш хонадонлари 950 метр квадрат майдонда ёнган.

Тўртала савдо комплексларида ҳам ёнғиндан олдин бизнес-омбудсманини хабардор қилган ҳолда текширувлар ўтказилган, объект раҳбарларига давлат ёнғин назоратининг ёзма кўрсатмалари тақдим этилган ва ҳар бирида раҳбар ҳамда масъул шахсларга нисбатан кодекснинг 211-моддасига мувофиқ маъмурий чоралар қўлланган
", — деди Толибжон Мадумаров.

Санжар Зуфаров
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжар Зуфаровнинг алоҳида таъкидлашича, ҳукумат комиссияси содир бўлаётган ёнғинларни жойига чиқиб ўрганиб келиб, шундай хулоса қилдики, давлат ёнғин назорати инспекторлари томонидан берилаётган жазо чоралари етарли эмаслиги натижасида шундай ҳолатлар содир бўлмоқда.

"Бир ҳафта аввал Андижон вилоятидаги Шаҳрихон бозорида ёнғин содир бўлди. Агар бозордаги тадбиркорлар Қўқон бозорида бўлган ёнғиндан хулоса чиқаришганида эди, бундай ҳолат такрорланмас эди", — деди ФВВ вакили.
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунни маъқуллади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.