Microsoft асосчиси Билл Гейтс келаси 20 йил ичида деярли барча шахсий бойлигини Gates Foundation жамғармаси орқали хайрия қилишга қарор қилди. Унга кўра, 2045 йил 31 декабрда жамғарма ўз фаолиятини якунлайди.
«Мен „бой ўлган одам“ сифатида хотирланишни истамайман. Одамларга ёрдам бериш мумкин бўлган ресурсларни ўзимда сақлаб туришга асос йўқ», — деб таъкидлади Гейтс ўз баёнотида.
Гейтснинг ҳисоб-китобича, хайриялар умумий қиймати 200 миллиард доллардан ошиши мумкин. Ушбу маблағ асосан учта йўналишга йўналтирилади:
Оналар ва чақалоқлар ўлимини олдини олиш,
Ўлимга олиб келадиган юқумли касалликларга қарши кураш,
Миллионлаб одамларни қашшоқликдан чиқариш.
Gates Foundation — 2000 йилда Билл ва унинг собиқ рафиқаси Мелинда Гейтс томонидан ташкил этилган бўлиб, дунёдаги энг йирик хайрия жамғармаларидан бири саналади. Охирги чорак асрда у вакцина ва тиббий тадқиқотларга 100 миллиард доллар сарфлаган.
Гейтс, шунингдек, бошқа миллиардерларни ҳам хайрияда фаолроқ бўлишга даъват этди.