Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган “BMB AGRO PLUS” корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур корхона нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё миқёсида йирик агросаноат занжирининг марказига айланиши кутилмоқда.
Бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги қатъий сиёсатининг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда. Мамлакат раҳбари таъбири билан айтганда, тадбиркорлик – иқтисодиётимиз суянчи, ва уни ривожлантириш – стратегик вазифадир.
BMB HOLDING – қишлоқ хўжалигида кластер ёндашуви
BMB HOLDING томонидан охирги етти йилда агрокластер, логистика ва қайта ишлаш бўйича босқичма-босқич амалдаги тизим яратилди. Жумладан, Жиззах вилоятининг олтита туманида 30 минг гектарга яқин ер майдонларида фермерлар ва томорқачилар билан ҳамкорликда маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди.
Кейинги босқичда эса 10 минг тонна маҳсулотни сақлаш имконига эга бўлган “BMB NRC AGROLOGISTICS” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси ташкил этилиб, экспорт, ички бозор ва қайта ишлаш жараёнлари аниқ тизим асосида йўлга қўйилди. Бунинг натижасида умумий қиймати 1,5 триллион сўмга тенг бўлган агроиқтисодий занжир шаклланди.
Замонавий ускуналар, тўлиқ назорат ва ISO 22000
“BMB AGRO PLUS” корхонаси 10 гектар майдонда барпо этилган бўлиб, лойиҳа қиймати 40,7 миллион долларни ташкил этади. Унинг 16,6 млн доллари банк кредити, 24,1 млн доллари эса Ҳолдингнинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилди. Корхонада Бельгия, Австрия, Италия, Туркия ва Хитойда ишлаб чиқарилган ускуналар ёрдамида йилига 120 минг тонна мева-сабзавот чуқур қайта ишланади.
Ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ назоратда бўлиб, сифатли уруғ ва кўчатлардан бошлаб, тайёр маҳсулотгача бўлган барча босқичлар Ҳолдинг тизимида амалга оширилади. Бу эса маҳсулот сифатини кафолатлайди ва халқаро бозорда рақобатбардошлигини оширади.
Корхонада ISO 22000 халқаро сифат стандартига мувофиқ иш юритилади, барча маҳсулотлар лаборатория текширувларидан сўнг ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Шунингдек, корхона маҳсулотлари мувофиқлик сертификатларига эга бўлиб, уларнинг экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.
Яшил энергия ва барқарор ривожланиш
Корхона “яшил иқтисодиёт” тамойилларига мувофиқ равишда қурилган. Электр таъминотига бўлган эҳтиёжнинг 25 фоизи аллақачон қуёш панеллари орқали қопланмоқда. Келгуси уч йилда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилган.
Иш ўринлари, экспорт ва ёшлар имконияти
Корхона фаолияти натижасида 650 та доимий ва 2 000 дан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратилди. Бу нафақат ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлаш, балки ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ҳам муҳим омилга айланади.
Хулоса: BMB AGRO PLUS – Ўзбекистоннинг агросаноат брендига айланмоқда
Бугунги кунда BMB HOLDING томонидан амалга оширилаётган юқори сифатли, хавфсиз ва халқаро стандартларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш сиёсати мамлакатимизнинг “агробренд” сифатида халқаро майдонда танилишига пойдевор бўлмоқда. “BMB AGRO PLUS”нинг очилиши эса бу мақсад сари қўйилган муҳим қадамлардан биридир.