Ўзбекистонда кучайган совуқ об-ҳаво туфайли энергия ресурсларига талаб ортгани сабабли газ заправкалар фаолиятига қисқа муддатли чекловлар жорий этилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Сўнгги кунларда аҳолининг табиий газ истеъмоли 20 фоизга, электр энергияси истеъмоли эса 15 фоизга ошган. Мазкур вазиятда энергия ресурсларини барқарор таъминлаш мақсадида турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бундай чора-тадбирларга электр ва газ таъминоти корхоналарида 1 600 дан ортиқ махсус бригадаларнинг ташкил этилиши, уларни автотранспорт воситалари ва захира қурилмалари билан тўлиқ таъминлаш киритилган. Шунингдек, соҳа объектларида 24 соатлик иш режими жорий этилган.
Энергетика тизимининг ўтган йилга нисбатан самарадорлиги оширилган бўлиб, аварияларни бартараф этиш вақти 3-3,5 соатдан 1-1,5 соатгача қисқартирилган.
Биринчи галда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу сабабли, айрим ҳудудларда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши режалаштирилган.
Чекловлар ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади ва аҳолига тегишли маълумот расмий манбалар орқали етказиб борилади.