Бахмал туманида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида ички туризм ярмаркаси бўлиб ўтди.
Ички туризм йўналишида “Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат” туризм мавсумининг очилиши доирасида ҳамда мамлакатимиз вилоятларининг туристик салоҳиятини ошириш, аҳоли орасида ички саёҳатларни кенгайтириш мақсадида, жорий йилнинг 30-июлидан 17-сентябрига қадар юртимизнинг барча ҳудудларида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ички туризм ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Мазкур ярмаркаларда ички туризм соҳасида фаолият юрутувчи туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, ҳостел, меҳмон уйи), умумий хисобда 700 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар, ҳамда 15 мингга яқин иштирокчилар қатнашмоқда.
Ярмаркадан кўзланган мақсад ҳудудларнинг туристик салоҳиятини ошириш, маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини кенгайтириш мақсадида кўплаб янги ва қизиқарли туристик маҳсулотлар тақдимотлари намойиш этиш режалаштирилган.
Жиззах вилояти ҳокимлиги ва вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир воҳанинг туризм объектларига аҳолини кенг жалб этиш, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, туроператор ва тур-агентларни истеъмолчиларга танитиш, миллий таомлар ва миллий ҳунармандлик маҳсулотларини кенг оммага тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ярмарка доирасида ички туризм йўналишида фаолият юритувчи туроператорлар, корхона, ташкилотлар “Тадбиркор билан тадбиркор” (B2B) учрашувлари, “Тадбиркор билан мижоз” (B2C) механизмлари асосидаги учрашувлар, республикамиз ҳудудларидан келган ички туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари билан тажриба алмашилди.
— Жиззах вилояти бой туристик салоҳиятга эга ҳудуд, — дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Эгамбердиев. — Ҳудуднинг зиёрат, агро, эко, тиббиёт, гастрономик каби туристик масканлари, айниқса, кейинги йилларда сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Санаторий, театр ва музейларга келувчилар сони ортмоқда. Воҳанинг жаҳонга машҳур гўзал масканида ўтказилган ушбу тадбир ҳам келгусида вилоятга сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.
Шу куни иштирокчилар Ўрмонча туризм қишлоғида миллий қадриятларимиз акс этган турли кўргазмалар, ҳунармандлик маҳсулотлари ва миллий сувенирлар ярмаркаси намойиш этилди. Меҳмонхона, санаторий, театр ва музейлар тақдимотлари билан танишдилар. Журналист ва блогерлар учун Бахмал туманидаги диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳ ва дам олиш масканларига уюштирилган пресс-тур ҳам таассуротларга бой бўлди.
Концерт томошалари, ёш санъаткорлар ва миллий фолкьлор жамоалари ва маданият марказлари ижрочиларининг қизиқарли дастури барчада катта қизиқиш уйғотди.
Ҳакимжон Фозилов