Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда ўтказган медиатурда тақдим этилган маълумотлар ҳамда журналистлар ўз кўзлари билан кўрганлари манзарасида кичикроқ кўринган деталлар эътиборимизни тортди. Аслида уларни кичик дейиш ҳам нотўғридек...
Мавзу доирасида: Шароф Рашидов яшаган вагон, Зулфияхонимнинг атлас кўйлаги, ўзбеклар йиғаётган «Kia» — Халқаро медиатур таассуротлари (биринчи мақола)
Вилоят ҳокими нима дейди?
Тадбир дастуридаги жойларга бир-бир кириб чиқиб, диктофон ва камералар маълумотлар билан тўлиб бораркан, кутилмаганда вилоят ҳокими Эргаш Салиев журналистларни қабул қиладиган бўлиб қолди.
Очиғи, вилоят, ундаги барча нуқталар ҳақида бизга маълумотларни пешма-пеш телеграмда ташлаб туришганда, ҳокимбобо бундан ошириб яна нима дер эканлар, деган ўй бирров келиб-кетди. Лекин 66 ёшли Эргаш Салиевни ҳамроҳларим нега бунчалик ҳурмат қилиши сабабини шу куни билдим.
Ҳоким ҳар қандай расмий рақамларни оддий деҳқонча тилда, ҳаётий мисолларга қориштириб тушунтира билиши эътиборимни тортди. Дейлик, соҳаларни ривожлантириш, сармоя киритиш учун Жиззахнинг бошқа вилоятлардан фарқли жиҳатлари ҳақида гапиради:
«Жиззах Ўзбекистоннинг қоқ марказида жойлашган. Лекин ўзим 41 ёшимгача Самарқанддан Тошкентга қатнаганимда ёнидан ўтаверган эканман. Фақат Форишга — она қишлоғимга бирда келиб турган эканман. Буёғига 25 йилдан бери биляпман, вилоятни четлаб ўтиш эмас, ичкариларига кириб бораверса арзигулик нарсалар бор экан. Сармоядорларни, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб этиш, ичкарига киритиш йўлларини излай бошладик...»
«Жиззахда бир вақтнинг ўзида тўрт фаслнинг об-ҳавосини кўриш мумкин. Тунов куни хорижлик ишбилармон меҳмон битта футболкада келган экан. Зоминда дилдираб қолибди-ю, келиб ҳайратини яширолмади».
«Ўзбекистондаги ягона Айдаркўл бизда жойлашган. Аниқроғи, флора ва фаунаси бой қисми бизга тўғри келади. Балиқчилик кластерлари билан қизиқиб келишганда...»
Форишдаги Ўзбекистондаги базальт бўйича ягона йирик кластер ҳақида гапирилганда, базальтдан олинган геотўр билан янгитдан барпо этилаётган Самарқанд Халқаро аэропорти учиш йўлаклари мустаҳкамланаётгани шунчаки тилга олингандек. Бу маълумот вилоятда ўн йилча аввал 30 та қўшма корхона бўлгани, бугунда эса қўшма ва хорижий корхоналар сони 200 дан ошгани ҳақидаги рақамлар билан йўғрилиб айтилди.
Ҳокимнинг айтишича, 2017 йилда икки ярим мингта саноат корхонаси бўлган, бугунда эса 5 минг 600 та шундай корхона ишлаяпти.
«Навбатдаги драйвер — қишлоқ хўжалиги. 116 минг гектар ерни ўзлаштириш керак. 50 минг гектар ер ўзлаштирилди. 25 минг гектар узумзор ва 25 гектар боғ. Ўзим туманда ҳоким бўлганман. 25 минг гектар ер бу каттагина туманнинг майдонига тенг. Кейинги бир-икки йилларда мева беради. Қайта ишлаш учун қўшимча бинолар керак бўлади, кадрлар керак бўлади».
Кун бўйи ҳар қадамда учраётган, кўпчилигимиз кийиб олган оқ кепка ва футболкадаги белгини ҳам ўзи тушунтириб берди (чунки бошқалар шуни айтишни, журналистлар эса сўрашни хаёлларига келтирмаган эдилар): «Лотинча “J” ҳарфи билан ифодаланган белги Жиззахнинг логотипи. Бу медиа тур иштирокчиларига, сармоядорларга, янгиликларга, меҳмонларга эшигимиз доим очиқ, дегани».
Хуллас, Эргаш Салиев медиатурнинг барча иштирокчиларига кўк рангли шундай кепка совға қилди. Бу энг яхши совға эди.
Жиззах IT-соҳада етакчи бўла оладими?
Журналистлар Ҳиндистоннинг Sambhram университети Жиззах филиалидаги таълим жараёни билан ҳам танишдилар. Даргоҳ 2021 йилнинг ноябрида иш бошлаган. Шунинг учун бир ярим минтта талабаларнинг бари биринчи курс. Ўқув икки йўналишда — бизнес бошқаруви ва IT-бошқарув йўналишида олиб бориляпти. Ҳозирча дарслар икки — инглиз ва ўзбек тилларида ўтиляпти. Бироқ келгуси ўқув йилидан талабалар фақат инглиз тилида ўқитилади.
Нима учун айнан Ҳиндистон? «Ҳиндистонда 26 та штат бор, Бангалор (Карнатака штати маркази) эса табобат водийсида жойлашган. Университетга асос солган тадбиркор бангалорлик экани инобатга олинган. Қолаверса, Ҳиндистон йилига 115 миллиард долларлик IT-маҳсулот экспорт қилcа (дунёда биринчи ўринда туради), Бангалорга бунинг 54 миллиард доллари тўғри келади», — изоҳ беришди вилоят ҳокимлигида.
Жиззах IT-парки 24/7 тартибида фаолият юритади. Бу ерда таълим, инфратузилма, страртаплар, резидентлик, хориждаги амалиётлар, рақамли иқтисодиёт йўналишларида иш олиб борилади.
Таълимнинг ўзи компьютер саводхонлигидан тортиб, веб-дастурлаш, мобил илова яратиш, веб-дизайн каби бўлимлардан иборат. «Масалан, бизда 70 ёшли отахон компьютерни ўрганди», дейишади марказ масъуллари.
Уни-буни қўйинг, вилоят ҳокимига кўра, Жиззахда IT-мактаб ва IT-болалар боғчаси бор. Буларнинг ҳаммаси бир-бирини тўлдириб, кластерни ташкил қилади.
Текисланмаган стадион
Жиззахда ноодатий, камёб йўналишга эътибор беришлари сезилди. Медиатур иштирокчиларига шундай объектлардан бири — «Велотрек» спорт мажмуасини кўрсатадиган бўлишди.
Бордик. Қарасам, стадион майдони ғадир-будур бўлиб ётибди. Туя ўркачига ўхшатиб роса «зигзаг» ясашибди. Шу ерда болачалар машқ қилар эмиш... Юрагим орқага тортиб кетди. Она сифатидаги эҳтирослар ўз йўлига-ку, велотрек спорт турининг талаби ана шу ўнқир-чўнқирдан маррага етиш.
Жиззахда 3 400 ўринга мўлжалланган замонавий «Велотрек» BMX спорт мажмуаси 2021 йили бунёд этилган.
Жиззахликлар бундай стадион дунёда атиги 32 та, биз қурилгани 33-си, деб фахр билан гапирадилар.
Велотрек стадиони ўзбек ўғил-қизлари жаҳон миқёсидаги мусобақаларига чиқишлари учун тайёргарлик кўришда муҳим бўлибгина қолмай, бу ер халқаро ўйинлар учун майдон бўлиши ҳам кутилаяпти.
Конференция ва спорт зали, VIP майдон, 2 та теннис корти, 2 та мини-футбол учун майдон ва 100 ўринли меҳмонхона айнан шу мақсадга мўлжалланган.
Зомин — Ўзбекистон Швейцарияси
Ўзбекистонда сайёҳлик деганда Самарқанду Бухоро ҳамда Хива тарихий обидаларини кўриш учун келадиган, асосан етук ёшдаги кишиларнинг ташрифи тушунилади. Лекин экотуризм учун ҳам Ўзбекистонда шароит етарлича экани яқинларгача айтилмади. Айтилганда ҳам тингланмади. Жиззахликлар экотуризмни этнографик йўналиш билан бойитишга аллақачонлар киришишган.
Тоғтерак қишлоғида яшовчи Рустам Қаршибоев «Меҳмон уйи» учун 30 миллион сўм кредит олиб иш бошлаган. «Ҳозирда йилига 50 миллион сўм даромад оламан», — деди у.
«Меҳмон уйи» дегани шарқираб сув оқиб ётган катта ариқ устидаги чорпояларда, (стол-стулли жойлар ҳам бор) меҳмонлар табиатдан баҳра олиши учун шароит яратилиб берилган қўнимгоҳ. Бир неча кун қоладиганлар учун ичкарида жой ҳам ҳозирланган. Биз гувоҳи бўлган энг қизиқ жараёнлар бу қозонпатир, ғилминди, қурутоб, кувида сариёғ тайёрлаш бўлди.
Шу ерда ҳафсала билан сутда хамир қораётган Руқия Шайзақовани учратдик. У оддий кунларда 20-30 та, дам олиш кунларида эса 40-50 та патир тайёрланишини айтади. «Дам олишга келувчилар сони ва уларнинг буюртмасига қараймиз-да, опа», дейди қўллари чаққон-чаққон ҳаракатланаётган аёл.
Хамир ярим соат тиндирилгач, уни чиройли қилиб ясайди, чакич уради. Бу пайт қозон қизиб турган бўлади. «Овқат пишириладиган қозон бўлмайди, ёпишиб қолади, — дейди Руқия. — Ўрик ёки олма меваси ўтинлари керак, чўғда пишади-да», — деб ҳаракатда давом этади.
Аввалига қозонга патирнинг тескариси ёпилади. Бироз қотгач, олиниб, ўнги ёпилади. Қопқоқ қопланмайди, балки қозон чўғ устида қия қилиб айлантирилади... Шу онда операторни бирга олмаганимдан пушаймон бўлдим... Жараённи сайёҳ томоша қилса-чи, ҳайратдан кўзлари катта-катта очилиб кетмайдими?
«Меҳмон уйлари»ни ортда қолдириб, Зомин тоғлари бўйлаб юқорилаймиз. Борган сари енгилроқ нафас ола бошлайсиз, ҳавонинг ҳидини туясиз...
Зоминнинг денгиз сатҳидан икки ярим минг метр юқорисида текислик бор. «Суфа» (супа — форсчада) дейишади.
Жиззах вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Синдор Раҳмонкулов «Зомин» туристик-рекреацион зонаси лойиҳаси тақдимотини ана шу жойда ўтказди.
Синдорнинг айтишича, Зомин тумани ҳудудида туристик зона ташкил этиш учун 2 007,2 гектар ер майдони ажратилган.
Туристик зонада инфратузилма объектларини қуриш учун ҳам алоҳида ер майдонлари берилган.
Ҳудудда автотураргоҳ, осма дор йўли ва 3 та меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Бугунда меҳмонхоналардан бирининг асосида бетон ишлари олиб борилмоқда. «Энг муҳими, экологияга зиён етказмасдан ва инсонлар хавфсизлиги таъминланган ҳолда ишлаш», — деди Синдор Раҳмонқулов.
Сайёҳлар кўпроқ келаверса, уларнинг қадами билан юртга ризқ келади. Руқия ва у каби қозонпатир ёпиб, рўзғорига ризқ олиб келадиган 50 та аёл қишлоқдоши сафига яна 50 таси қўшилар эҳтимол. Шуҳрат (Эшмат, Тошмат) кредитга машина олиб энди тоққа томон қатнайдиган бўлар. Рустам қайсидир қийналиб қолган қариндошига «Меҳмон уйи» очишни ўргатар.
Журналист учун ҳам бир айём
«Янгиланаётган Жиззах — журналистлар нигоҳида» халқаро медиатури вилоятдаги ишларини кўрсатган даргоҳлар учунгина эмас, журналистлар учун ҳам ўзига хос тадбир, синов, ўрни келганда, айём бўлди. Медиатур доирасида ўнлаб жиззахлик оммавий ахборот воситалари ходимларига Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси билетлари топширилди. Вилоят ҳокими газета-журналлар ҳамда интернет нашрлари ўқилиши йўлида тарғибот ишларини кучайтиришини, журналистлар учун уй-жой масаласини кўриб чиқишини айтди.
Медиатурда 15 нафар хорижий журналист қатнашди. Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров тадбирнинг халқаро деб таърифланишини айнан хорижий ҳамкасблар қамрови кенглиги билан боғлади. Тошкентдан жўнаган маҳаллий журналистлар ҳам озчилик эмас эди. Биринчи кунда алоҳида микроавтобусда ҳаракатланаётган мухбирлар орасида руҳий масофа сақлангандек бўлди. Кейин ҳамма бирлашиб кетгандек туюлди.
Туркиянинг «Анадолу» давлат агентлиги мухбири Бахтиёр Абдукаримов бундай кўп сонли хорижий ва айнан шунча сондаги маҳаллий журналистларнинг ҳамкорликдаги сафари Ўзбекистонда биринчи марта кузатилди, деди.
«Жиззах медиатури хорижий ва маҳаллий мухбирлар ўртасидаги кўринмас деворни кўтаргандек бўлди, назаримда. Биз бир вилоятда инвестицион тадбирда қатнашиш учун телефон қилиб билетимизгача оламиз, жойнинг пулини ҳам тўлаймиз, деганмиз, қатнашсак бўлди деганмиз. Шунда ҳам розилик билдирмаган вилоятлар бўлган. Бугун қарангки, биз маълумот олишимиз учун маҳаллий журналистлар билан тенг шароитлар яратиб бериляпти».
Бахтиёр хорижий ва маҳаллий журналистлар бирлаштирилгани ажойиб тажриба бўлганини таъкидлади. «Кўрдик, танишдик. Ҳамманинг ҳам нозик томонлари бор. Дейлик, маҳаллий мухбирга қизиқ бўлмаган нарсанинг бизга қизиғи бор. Бизга аҳамиятсиз туюлган нарса маҳаллий мухбир эътиборига тушиши мумкин. Ҳаммамиз қонун доирасида туриб вазифамизни бажаришимиз керак», — дейди Бахтиёр.
Бахтиёр Абдукаримов тарқатган хабарлари (суратда ўнгда) Туркия тадбиркорларида Зоминга қизиқиш уйғотишига шубҳа қилмайди.
«Ўзбекистоннинг тижорий шериклари — Хитой, Россия ва Қозоғистон. Лекин буларнинг туризм имкониятлари Туркиячалик эмас. Туркияда сайёҳлик фирмалари дейсизми, меҳмонхоналар дейсизми, хизмат кўрсатиш энг юқори даражада. Ўша фирмалар учун Зомин бўлсин, Ўзбектоннинг бир қисми бўлсин, бошқа ҳудудлари, Айдаркўл бўлсин, Чорвоқ бўлсин, ҳаммаси аҳамиятли. Туркия сармоядорлари сайёҳликка сармоя киритишни бошлаган ва янада қизиқишса ажаб эмас».
Медиатур ўз ишини якунлади. Лекин журналистларда қолаётган маълумотлар, тассуротлар ҳали кўп асқотади, қиёсланади, таҳлил қилинади.
Сафардан топган ҳикматим: журналист бир ерда ўтириб қолмаслиги керак.
Келгуси сафарларда учрашгунча!
Тошкент-Жиззах-Тошкент