Ўзбекистон Энергетика вазирлиги аёзли кунларда энергия таъминотидаги эҳтимолий узилишлардан огоҳлантирди

Улашиш:

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги келаси ҳафтада кутилаётган совиши муносабати билан йирик корхоналарга газ ва электр энергияси етказиб бериш қисқариши, ИЭСларга газ етказиб бериш кўпайишини маълум қилди. Шу билан бирга, жадвалга кўра, энергия таъминотида қисқа муддатли узилишлари мумкин.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги келгуси ҳафтада кутилаётган аномал совуқ кунлари энерготизимда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида маълум қилди.

Таъкидланишича, биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилади.

Бунинг учун автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилаётган чекловлар давом эттирилади.

Йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилади.

Энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11−12 млн кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади.

Энерготизимда содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш, барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр стансиялари ва марказларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кунига ўртача 49 млн куб метр табиий газ етказиб берилади.

Бугунги кунда мазкур станциялар учун 90 минг тонна мазут ва 280 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди.

Истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 5000 тоннадан 8000 тоннага оширилади.

Шунингдек, аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1000 дан ортиқ махсус бригада ташкил этилди. Ушбу бригадалар муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлайдилар.

2 соатдан ошмаган вақт оралиғида ҳудудлар кесимида жорий этилаётган чеклов графиклари барча вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилиши таъминланади.

Истеъмолчилар электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки «Телеграм»даги @HET_admin администраторга, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78−148−30−03, 71−244−38−28 телефон рақамлари ёки @Uzbekcoaluz_bot «Телеграм» ботга мурожаат қилишлари мумкин.

Энергетика вазирлиги истеъмолчилардан электр қурилмалари ва иситиш мосламаларига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, ушбу қурилмалардан фойдаланилмаётган вақтларда тармоқдан ажратиб қўйишларини, энергия ресурсларидан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланишларини, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя қилишларини сўради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.