Байрам кунларида аҳоли истеъмолчилар электр энергияси ва табиий газ бўйича юзага келган қарздорлик учун тармоқдан ажратилмайди

Улашиш:

Байрам кунларида аҳоли истеъмолчилар электр энергияси ва табиий газ бўйича юзага келган қарздорлик учун тармоқдан ажратилмайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ҳукумат истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрмоқда. Нефть, газ ва кўмир қазиб олиш, электр энергияси ва нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш корхоналарида махсус штаблар ташкил этилган.

“Таъкидлаш керакки, байрам кунлари, жумладан, янги йил байрамида электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада пасаяди. Чунки таълим муассасалари ва бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини вақтинча тўхтади. Шу муносабат билан ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг асосий қисми аҳолига ва айрим ижтимоий соҳа обектларига йўналтирилади”, - дея маълум қилмоқда вазирлик.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялар ва марказлар барқарор ишлашини таъминлаш учун кунига ўртача 47-48 млн куб метр табиий газ етказиб берилади. Шунингдек, станциялар учун 70 минг тонна мазут ва 230 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилган. Ҳудудлардаги барча кўмир омборларига кўмир маҳсулотини узлуксиз етказиб берилиши таъминланади.

Байрам кунлари истеъмолчиларга кунига ўртача 155 млн куб метр табиий газ, 2 минг тонна суюлтирилган газ, 5000 тонна автобензин, 5000 тонна кўмир ҳамда 235 млн кВт-соат электр энергияси етказиб берилиши таъминланади.

Аввалроқ энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ўзбекистонликлар янги йил байрамларида электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслигини айтган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.