Электр таъминоти тикланиб “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли бошқарма ва заводлар фаолият юрита бошлади

Улашиш:

2022 йил 25 январь куни электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабабли, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги бошқарма ва заводлари фаолияти ҳам вақтинча тўхтаган эди.

Электр энергия таъминоти қайта тиклангандан сўнг, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть ва газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бошқарма ва заводларидаги мавжуд технологик қурилмалар ва сиқув компрессор станцияларни босқичма-босқич ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Қашқадарё вилоятида жойлашган “Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”, “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ, Бухоро вилоятида жойлашган “Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” ва “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ фаолиятини давом эттира бошлади.

Газли ҳамда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли конлардан табиий газ қазиб чиқариш ишлари қайта давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим корхона ва ташкилотлари ўзларига юклатилган вазифани сўзсиз бажариш бўйича барча имкониятлар сафарбар этилади. Бошқарма ва заводлар фаолиятини тўлиқ қувватда ишлаши учун, узлуксиз ишлар давом эттирилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.