“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг автобензин маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича расмий баёноти

Улашиш:

Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бўйича 2021 йилнинг 9 ойлигида 1 млн 110,1 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда 1 млн 148,1 минг тонна қазиб чиқарилди ёки прогнозга нисбатан 103,4 фоизни ташкил этди (ўсиш суръати 100,6 фоиз).

Мос равишда жамият тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводларида жорий йилнинг 9 ойлигида 992,3 минг тонна углеводород хомашёси қайта ишланиши белгиланган бўлса, амалда 1 млн 223,8 минг тонна қайта ишланди ёки прогнозга нисбатан 123,3 фоизни ташкил этди.

Жорий йилнинг 9 ойлигида 815,5 минг тонна маҳаллий (режага нисбатан 120,6 фоиз), 312,9 минг тонна импорт хомашёси (режага нисбатан 115,5 фоиз) қайта ишланди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 9 ойлигида 562,4 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда 654,9 минг тонна ишлаб чиқарилди ёки прогнозга нисбатан 116,4 фоизни ташкил этди (ўсиш суръати 105,6 фоиз).

Маълумот учун: Жорий йилнинг 9 ойлигида 524,6 минг тонна “Аи-80” русумли, 81,1 минг тонна “Аи-91” русумли, 43,9 минг тонна “Аи-92” русумли, 5,0 минг тонна “Аи-95” русумли, 0,3 минг тонна “Аи-98” русумли автобензин ишлаб чиқарилди.

Республикада Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига (2017 йил 14 ноябрдаги 913-сонли, 2019 йил 30 июлдаги 633-сонли, 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ–4664-сонли) асосан иқтисодиётни либераллаштириш ва маъмурий тартибга солишни қисқартириш, товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда нархларни бозор тамойиллари асосида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш бўйича қабул қилинган чоралар натижасида:

автомобиль бензини чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди ва уни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланди, жумладан:

– 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб “Аи-92”, “Аи-93”, “Аи - 95” ва “Аи-98” маркали;

– 2019 йил 15 августдан бошлаб “Аи-91” маркали;

– 2020 йил 1 майдан бошлаб “Аи-80” маркали;

- автобензин нархларини Ҳукумат қарорлари билан белгилаш амалиётидан воз кечилди, соғлом рақобат муҳити шаклланди ва истеъмолчиларга сифатли маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилди;

- республикада Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан ташқари биржа савдоларида 10 дан ортиқ сотувчилар автобензин маҳсулотини таклиф этмоқда;

- ҳозирда республикада фаолият юритаётган 2 600 дан ортиқ автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) маҳаллий нефть маҳсулотлари билан бир қаторда импорт автобензин маҳсулотлари ички бозорда реализация қилинмоқда.

Шунингдек, жаҳондаги етакчи нефть ва газ компаниялари каби “Ўзбекнефтгаз” АЖ нафақат углеводород хомашёсини қазиб чиқариш ва қайта ишлаш билан чегараланмасдан, балки ишлаб чиқарилган тайёр нефть маҳсулотларини, жумладан, автобензин маҳсулотини тасарруфдаги “UNG Рetro” МЧЖга тегишли 65 дан ортиқ АЁҚШлар орқали ўрнатилган тартибда юридик ва жисмоний шахсларга реализация қилмоқда.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензиннинг асосий қисми, яъни 80,1 фоизи “Аи-80” маркали автобензин ҳисобланади.

Жаҳонда нефть котировкаси йил бошига нисбатан 1,7 баробарга ошишига қарамасдан “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Аи-80” автобензин нархини ички бозорга катта ҳажмда реализация (интервенция) қилиниши ҳисобига бир маромда ушлаб туришга эришилмоқда.

Маълумот учун: Brent маркали нефтнинг жаҳон биржаларидаги котировка нархи 1 баррели учун 83-85 АҚШ долларни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 1,7 баробарга ошган бўлса, тасарруфдаги АЁҚШ ларда 1 литр асосий ишлаб чиқариладиган “Аи-80” автобензини 5 900 сўм чакана нархда (Тошкент ш.) сотилмоқда ёки йил бошига нисбатан 1,15 баробарга ошди.

Шу билан бирга, шуни алоҳида таъкидлаш ўтиш керак ишлаб чиқарилаётган “Аи-91”, “Аи-92”, “Аи-95” маркали автобензинларнинг асосий ҳажми импорт хомашёсидан ишлаб чиқарилади ёки тайёр ҳолда бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб жахон котировкаларига боғланган ҳолда импорт қилинади. Шунинг учун, мазкур турдаги автобензин нархлари нисбатан юқорироқ.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.