Google Pay’га муқобил: Россияда Bluetooth орқали тўлов хизмати тест режимида

Улашиш:

Россияда смартфон орқали тўловнинг янги, Bluetooth технологиясига асосланган формати синовдан ўтказилмоқда. ВТБ компанияси томонидан амалга оширилаётган «Тўлқин» (Волна) номли тўлов хизмати ҳозирча Москва, Москва вилояти ва Қозонда синов сифатида ишга туширилган.

Лойиҳа Россиядаги миллий тўлов инфратузилмаси — «Мир» ва СБП (Тўғридан-тўғри банк тўловлари) яратувчилари томонидан ишлаб чиқилган. Унинг энг катта янгилиги — NFC технологиясидан фарқли ўлароқ, тўловни смартфон билан терминалга яқинлаштирмасдан амалга ошириш имконини берувчи кенг қамровли Bluetooth сигналидан фойдаланишидир. Яъни, бу технология Google Pay ёки Apple Pay каби ишлайди, аммо жисман яқинлик талаб қилинмайди.

Янги тизимда ҳар бир банк ўз мобил иловасига «Тўлқин» технологиясини алоҳида тарзда интеграция қилиши керак бўлади. Ишлаб чиқувчилар ушбу технологиянинг iOS тизимида ҳам ишлашини ваъда қилмоқда. Ҳозирда «Тўлқин»ни қабул қилишга мўлжалланган терминаллар юзлаб савдо нуқталарига етказилган.

Бу янгилик Россияда хорижий технологик хизматлар — айниқса Google ва Apple Pay — бўйича чекловлар ва хизматлар тўлиқ ёки қисман ишламаётган шароитда маҳаллий алтернатива яратиш ҳаракатларининг навбатдаги босқичи сифатида баҳоланмоқда. Агар синов муваффақиятли ўтса, «Тўлқин» технологияси мамлакат миқёсида кенг жорий қилиниши ва мобил тўлов бозорида янги босқични бошлаб бериши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.