Эр - хотиннинг ажралишида бўлинадиган умумий мулкига нималар киради?

Улашиш:

Кўплаб ҳолларда Ўзбекистон   судларида собиқ эр-хотин ўртасидаги умумий мулкни бўлиш масаласи кўриб чиқилади. “Умумий мулк” деганда нима тушунилади, бу ҳолатда ипотека кредити   қандай кўриб чиқилиши ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Миробод тумани туманлараро суди судьяси Нозима Зоҳидова айтиб берди.

Ўзбекистон Оила Кодексининг 23 моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар-бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради.

Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Кўпчилик агар ипотека шартномаси турмуш ўртоғига расмийлаштирилган бўлса ва у кредитни тўлаётган бўлса, хотини ҳеч қандай ишламаса, унда ажралиш вақтида квартира унга ўтади, деб хато ўйлайди. Бу нотўғри. Ажралиш тақдирда, турмуш ўртоғи фақат квартиранинг ярмига даъво қилиш ҳуқуқига эга. Бунда нафақат умумий мулк, балки умумий қарзлар ҳам бўлинади. Демак, суд ипотека кредитини   ҳам бўлиб беради.

Агарда никоҳ шартномаси тузилган бўлса, бундан истисно бўлади. Бироқ, никоҳ шартномасини қайта кўриб чиқиш учун судга мурожаат қилиш мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.