Саломатлик – тўғри овқатланишга боғлиқ

Улашиш:

Инсон умри давомида соғ-саломат, бақувват бўлиши учун болалигидан саломатлик тамойилларига тўла риоя қилиши талаб этилади. Бу тамойилга албатта, тўғри овқатланиш ҳам киради.

Бола организми рисоладагидек, ривожланиши учун “бақувват” овқат зарур бўлади. Бу борада энг аввало масъулият ота-онага тушади. Бунинг учун ота-оналарнинг ўзлари тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилишлари керак.

Таомнома хилма-хил бўлсин.

Бола организми фойдали моддаларга танқислик сезмаслиги учун хилма-хил аралаш овқат зарур. Бола рационига ўсимлик ва мол маҳсулотларини киритиш жуда муҳим. Баъзиларини ўзингиз тайёрлашингиз, бошқаларини эса пиширилмаган ҳолда беришингиз мумкин. Бундай бирикмалар туфайли махсус бойитилган маҳсулотларга бўлган зарурат йўқолади.

Бола организми осон кўникувчан бўлади. Шунинг учун уни бир хил овқатга ўрганиб қолишидан эҳтиёт бўлинг. Боладан фақат вегетарианлар овқатини истеъмол қилишни талаб этиш ёки фақат юқори калорияли маҳсулотлар билан овқатлантириш мумкин эмас. Сут фойдали албатта, аммо овқат рационига бошқа маҳсулотларни киритмасангиз болада озиқлантирувчи моддалар, витаминлар, микроэлементлар, ёғ кислоталари етишмаслиги ривожланади. Боланинг таъм билиш хусусияти тўғри ривожланиши учун овқатни кичик порциялар кўринишида беринг. Шунда сиз болада муайян таъмга, яъни шўр, аччиқ ёки ширин овқатга майл пайдо бўлишининг олдини олган бўласиз.

Бола таомномаси

Таомномани шундай тузингки, унда фақат иссиқ ёки совуқ овқатлар бўлмасин. Овқатланиш схемаси тахминан қуйидагича бўлиши керак:
* Нонушта – сарёғ ва пишлоқ билан қора нон, қайнатиб пиширилган гўшт бўлаги, бир стакан илиқ сут.

Фойдали жиҳатлари: Бола организми А, В, В1,В2 витаминлари, оқсил, кальций, мис, фосфор моддалари билан таъминланади.

* Иккинчи нонушта организмни С витамини билан таъминлайдиган ҳўл мевалар ва шарбатдан иборат бўлиши лозим.

* Тушлик – иссиқ овқат, картошка, сабзавотлар ва гўшт ёки балиқ гўшти ҳамда бирор хил салат.

Фойдали жиҳатлари: Организм темир, рух, йод, оқсил моддалари, фолий кислотасини яхши ҳазм қилади ва В1, В6,С витаминларига тўйинади.

* Кечки овқат – тахминан нонуштадаги каби.

Дастурхонни тўғри безаш

Дастурхон атрофидаги шароит ҳам жуда муҳим рол ўйнайди. Болалар чиройли ва ўзига тортадиган нарсаларни ёқтиришади. Шунинг учун дастурхон тузашга ҳам катта эътибор бериш лозим. Бола овқатланаётган пайтда уни яхши одатларга ўргатиш зарур. Нонушта ва кечки овқатни оила билан биргаликда дастурхон атрофида қилгани маъқул, иложи бўлса тушликни ҳам, албатта. Овқат тайёрлаётганингизда ош тузи ўрнига кўпроқ хуштаъм гиёҳлар ва аччиқ бўлмаган зираворлардан фойдаланган яхши.

ДИҚҚАТ!!!

Баъзи мутахассислар болаларни ёшига қараб овқатлантириш бўйича махсус жадвалларни тавсия этишади. Фақат жадвалга қараб овқатлантириш унчалик шартмас. Ҳар бир боланинг овқатга нисбатан ўз эҳтиёжи бўлади.
Болада иштаҳасизлик кузатилса...

Ҳар бир она фарзанди қанча овқат истеъмол қилишини, унга зарур порция миқдорини тахминан билади. Бироқ баъзан иштаҳаси йўқолиб, бола узоқ вақт овқат сўрамай қолиши ёки аксинча, иштаҳаси очилиб кетиши мумкин. Агар бундай ҳолат узоққа чўзилмаса, хавотир олманг ва дарҳол чора кўришга шошилманг. Иштаҳа узоқ вақт меъёрдан чиқиб кетганида ёки у умуман йўқ бўлган тақдирдагина, шифокор маслаҳати бола овқатини мувозанатга солишга тўғри келади.

Сув меъёри

Бола қанчалик кичкина бўлса, унда суюқликка бўлган талаб шунчалик кўп бўлади. Нормал соғлом бола иссиқ кунларда ёки жисмоний машғулотлар пайтида одатдагидан кўра икки баравар кўпроқ сув ичади. Бундай пайтларда фақат оддий тоза сув истеъмол қилган маъқул. Ўтлар ёки мевалардан тайёрланган қандсиз чой, биттага битта сув қўшилган табиий шарбатлар ҳам бўлади. Ситро, кола, газли минерал сув, вижиллайдиган ичимликлар тавсия этилмайди. Бундай ичимликлар ташналикдан халос этмайди ва организмда қанд миқдорини кўпайтириб юборади.

 Сут маҳсулотлари

Сут маҳсулотлари болани кальций, фосфор, оқсил моддалари ва А1, В1, В2 витаминлари билан таъминлайди. Дўкондан сут олаётганингизда ёғлилиги 3,5% бўлган (ёғлилик маҳсулотда А ва D витаминлари мавжудлигини кўрсатади) сутни танлаган маъқул. Йогуртни ўзингиз тайёрлаганингиз яхшироқ. Яъни оддий йогурт олиб, унга кесилган ҳўл меваларни қўшинг. Бу дўконда сотиладиган йогуртларда мавжуд бўладиган қанд моддасидан сақлайди. Баъзида болалар сут маҳсулотларини ёқтирмаслиги ҳам кузатилади, бу ҳолда пишлоқ ва творог унга муқобил вариант бўлиши мумкин.

Гўшт маҳсулотлари

Ҳаммасида меъёр бўлгани маъқул. Озгина гўшт бола учун фойдали, порцияни катта қилиш керакмас. Исталган гўшт организмда темир моддасининг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради, айниқса мол жигари. Гўштни қайнатиб пиширган, димлаган ёки тоблаб пиширган маъқул.

Балиқ маҳсулотлари

Балиқ организмни йод моддаси билан таъминловчи тенгсиз маҳсулот. Пикша, треска ёки лосось балиқлари жуда фойдали ҳисобланади. Шунинг учун ҳафтада бир марта фарзандингиз балиқ истеъмол қилгани маъқул.

Ёғларнинг фойдаси

Бола овқатидан ёғларни бутунлай чиқариб ташлаш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Яхшиси колбаса, шоколад ва печеньеда “яшириниб” ётган ёғлардан қочган маъқул. Сарёғ ва ўсимлик мойи жуда фойдали, аммо уларни чекланган миқдорда истеъмол қилиш керак.
Нон – дастурхон кўрки
Нон маҳсулотлари бола организмини углеводлар, минерал моддалар ва витаминлар билан таъминлайди. Нон маҳсулотларини хилма-хил қилиш ва уларнинг навини алмаштириб туриш маъқул. Оддий нонни танлаш мақсадга мувофиқ. Нон ва мюслини йирик тортилган ундан ўзингиз мустақил равишда тайёрлашга ҳаракат қилинг.

 Картошка

Боланинг бир ҳафталик рационида картошкадан тайёрланган тахминан 5-6 марта егулик овқатлар бўлиши лозим. Бу сут ва сарёғ қўшилган пюре, ёғлилик даражаси паст ёғ ва кўкатли қайнатилган картошка, духовкада балиқ, гўшт ёки сабзавотлар билан пиширилган картошка бўлиши мумкин. Қовурилган, чипслар кўринишидаги ёки картошка-фри тавсия этилмайди. Картошка гуруч ва макарон маҳсулотларидан ҳам фойдалироқ ҳисобланади.

Мева ва сабзавотлар

Ҳўл мева ва сабзавотлар ёки уларнинг музлатилгани микроэлементларга жуда бой. Уларни пиширилган ва пиширилмаган ҳолатда истеъмол қилиш мумкин. Консерваларда соғлиқ учун зарур бўлган моддалар бўлмайди. Меваларни мавсумга қараб ўзингиз яшайдиган жойга хос бўлганини танланг.

Ширинликлар

Болалар ширинликни жуда яхши кўришади. Болани ширинликлардан буткул маҳрум қилиш керакмас. Шоколад, конфетлар, кондитерлик маҳсулотларида юқорида санаб ўтилган маҳсулотлардаги каби фойдали моддалар йўқ. Аммо агар ширинликлар ақл билан бола тамономасига киритилса, улар болага зарар келтирмайди. Шунчаки болага камроқ миқдорда ва овқатланиб бўлганидан кейингина ширинлик беришга ҳаракат қилинг.
Бола овқатининг асосини қуйидаги формула ташкил этади:
* Мажбурий мунтазам овқатланиш – нонушта, иккинчи нонушта, тушлик, иккинчи тушлик ва кечки овқат.
* Нонушта ва кечки овқат учун асосий маҳсулот нон ҳисобланади, қолгани таъбингизга қараб.
* Тушлик – иссиқ овқат маҳали.
* Ичимликлар – сув ва калорияси паст ичимликлар.

Фарзандингиз соғлом, бақувват, кучли, ақлли ва албатта бахтли бўлиб вояга етсин!

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.