Толиблар Трансафғон темир йўл маршрутини ўрганувчи ўзбекистонлик дала гуруҳининг хавфсизлигини таъминлайди

Улашиш:

Толиблар Трансафғон темир йўл маршрутини ўрганувчи ўзбекистонлик дала гуруҳининг хавфсизлигини таъминлайди. Бу ҳақда яқинда Термизга ташриф буюрган Афғон темир йўл бошқармаси раиси Бахтуррахмон Шарофат маълум қилган. Бу тўғрисида Batafsil.uz хабар бермоқда. 

"Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири - Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган Трансафғон темир йўлини қуриш бўйича йирик лойиҳадир. Яқин келажакда маршрут йўналишини ўрганиш ва бу учун дала экспедициясини ташкил этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Афғонистон ҳукумати томонларнинг хавфсизлигини, хусусан экспедиция гуруҳининг хавфсизлигини таъминлайди", -деди Шарофат журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида экспедиция гуруҳи ишни Мозори Шарифдан бошлаб, Бамиан провинциясига ўтади, сўнгра Қобул ва Жалолободга йўл олади. Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, томонлар ушбу йўналишда келишилган йўл харитасини батафсил муҳокама қилиб олишган.        

"Бундан ташқари, юк ташиш ҳажмини ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. 2011 йилдан бошлаб “Ҳайратон–Мозори Шариф” темир йўлига хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланишни Ўзбекистоннинг “Сўғдиёна Транс” компанияси амалга оширмоқда. Биз бундан жуда хурсандмиз ва ушбу компаниянинг ишидан мамнунмиз. Бироқ, биз бу ерда тўхтамаслигимиз керак. Биз ташув ҳажмини оширишимиз ва янги юкларни жалб қилишимиз керак", - дея таъкидлади Шарофат.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Термиз шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар чоғида томонлар Ҳайратон бекатидан Мозори-Шариф бекатигача бўлган темир йўл участкасини реконструкция қилиш лойиҳасини муҳокама қилишган.

"Ўзбекистон томони мазкур темир йўл линиясини реконструкция қилишни биргаликда ўрганиш борасида қизиқиш ва тайёр эканлигини билдирди", - деди Бахтуррахмон Шарофат.

Эслатиб ўтамизки, 2021 йилнинг иккинчи ярмида Ҳайратон–Мозори Шариф йўналишида темир йўл юк айланмаси сезиларли даражада пасайган. 2022 йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, юк айланмаси ҳажми ўтган йилги даражани ташкил этиб,   сал кам 1,1 миллион тоннадан ортган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.