Тараққиёт учун асос. Ўзбекистон ва ХХР электроэнергетика соҳасида ўнлаб янги лойиҳалар устида ишламоқда

Улашиш:

Ўзбекистон ўтган қиш фаслида электроэнергетика соҳасида жиддий муаммоларга дуч келди. Аномал совуқлар мамлакатда нафақат ишлаб чиқариш қувватлари танқислигини, балки электр тармоқлари, шунингдек, трансформатор подстанцияларини кенг кўламли модернизация қилишга зарурат борлигини кўрсатиб берди. Хатолар устида иш олиб борилгач, ҳукумат вазиятни ўзгартириш бўйича махсус чора-тадбирлар режасини тасдиқлади. Йўналишлардан бири – замонавий асбоб-ускуналар харид қилиш, шунингдек, муқобил энергия манбаларини ишлаб чиқишни ривожлантириш. Қуёш ва шамол станцияларини барпо этиш, шунингдек, электр тармоқлари ва трансформатор ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича ноёб ваколатларга эга бўлган Хитой ушбу масалада мамлакатимизнинг асосий ҳамкорига айланиши мумкинлиги намоён бўлди. 

“Дайди” шамолни тутиб... 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шамол электр станциялари қурилишига жиддий эътибор қаратилмоқда. У бугунги кунда қуёш станциялари қурилиши билан бир қаторда глобал энергетика секторида энг тез ривожланаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Хитой бу йўналишда сўзсиз етакчи саналади.

Чин ўлкаси 2022 йилда муқобил энергия қувватини 141 ГВтга оширди. Бу Европа Иттифоқи ва АҚШни жамлаб ҳисоблагандан ҳам анча кўп, шунингдек, ўтган йилги рекорд даражадаги 295 ГВт лик глобал ўсишнинг деярли ярмига тенгдир. Натижада Хитой электроэнергетика саноатининг умумий ишлаб чиқариш қувватларида муқобил энергия манбаларининг улуши 31,3 фоизга етди.

Бундан ташқари, мутахассислар шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқариладиган электр қуввати нархининг пасайиш тамойилини қайд этишмоқда. Шу тариқа, 2010 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда бундай электр энергиянинг ўртача нархи 56 фоизга – 1 кВт/соат учун 8,9 центдан 3,9 центгача пасайди. Айнан шу боис Ўзбекистон ҳукумати шамол ишлаб чиқарувчи янги қувватларни барпо этишга катта эътибор қаратмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда шамол станцияларини қуриш учун белгиланган ҳудудларда шамол салоҳияти кўрсаткичлари дунёдаги мавжуд шамол станциялари бўйича ўртача кўрсаткичдан юқорироқ. Бошқачароқ айтганда, қувватлардан фойдаланиш коэффициентлари солиштирилганда мамлакатимиз кўрсаткичлари жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан 1,5 баробар юқори эканлиги аниқланди. Масалан, йилига жами 8 760 соатдан Ўзбекистондаги шамол электр станциялари 3 900 соатга яқин даврда тўлиқ қувватда ишлай олади. Хитойлик ҳамкорлар ушбу салоҳиятни самарали амалга оширишда кўмак кўрсатади.

Март ойи охирида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Хитойнинг China Huadian Overseas Investments, China National Electric Engineering Company (CNEEC) ва SANY Renewable Energy компаниялари билан Жиззах вилоятида 1 000 МВт.гача қувватга эга шамол электр станцияларини қуриш имкониятларини ўрганиш бўйича меморандум имзолади. Ҳужжатга кўра, лойиҳада China Huadian Overseas Investments компанияси инвестор сифатида, CNEEC компанияси бош пудратчи тариқасида, SANY Renewable Energy компанияси эса шамол турбиналари етказиб берувчиси сифатида иштирок этади. Ушбу лойиҳанинг қиймати бир миллиард долларга баҳоланмоқда.

CNEEC президенти ўринбосари Ли Чжиганнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг яшил энергия соҳасидаги салоҳияти жуда катта, шунинг учун асосий масала ундан тўғри фойдаланишда қолган.

“Хитой компаниялари Ўзбекистон энергетика соҳасига сармоя киритаётганининг учта муҳим сабаби бор. Улардан энг муҳими шуки, Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” ташаббуси Ўзбекистоннинг энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича янги стратегиясига тўла мос келади. Иккинчидан, Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси сингари муқобил энергия манбаларини ривожлантириш учун шароитлар жуда яхши. Учинчидан, Хитой компаниялари, жумладан, бизнинг компания ҳам бу борада бой тажрибага эга ҳамда ҳамкорларимиз билан биргаликда Ўзбекистонда яшил энергетикани ривожлантиришга тайёрмиз”, — деди у.

Унинг айтишича, CNEEC Жиззахда шамол электр станциясини қуриш билангина чегараланиб қолмайди. Ўзбекистон вилоятларидан бирида қуёш станцияси ва энергия сақлаш тизимини қуриш масаласи ҳозирданоқ ишлаб чиқилмоқда.

“Биз Ўзбекистонга энергия бозорини ўрганиш ва бу йўналишда мамлакат салоҳиятини янада ривожлантириш учун имкон қадар кўпроқ мутахассисларни жалб этиш ниятидамиз. Бунинг учун муқобил энергия манбалари соҳасидаги лойиҳалар бўйича махсус йўл харитаси ишлаб чиқилади. Бу Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, Ўзбекистонда яшил, экологик тоза, барқарор ва ишончли энергетика тизимини шакллантириш учун замин ҳозирлайди”, — деди Ли Чжиган. 

Қуёш тафти — ҳаммага етади 

Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистон ҳукумати генерация қувватларини ошириш мақсадида умумий қуввати 11 954 МВт бўлган янги ускуналарни ишга тушириш бўйича умумий қиймати 10,1 миллиард долларлик 25 та инвестиция шартномасини имзолади. Натижада 2026 йил охирига қадар республикада 25 та электр станцияси: 9 та иссиқлик ва қуёш, 7 та шамол электр станцияси фойдаланишга топширилади. Бу Ўзбекистон энергетика тизимининг ҳозирги қувватининг 60 фоизини ташкил этади.

Бу жараёнда қуёш энергияси муҳим роль ўйнайди. Ушбу масалада ҳам Чин давлати халқаро бозорда етакчи ролларни эгаллаб келмоқда. Шу боис Ўзбекистон Хитой компаниялари билан ушбу йўналишда бирваракайига иккита йирик шартномани имзолади. 

Хусусан, 15 февраль куни Энергетика вазирлиги Ceec Energy China компанияси билан Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2 000 МВт бўлган фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Хитой томони ушбу лойиҳаларга икки миллиард доллар қийматидаги сармоя киритишни режалаштирмоқда. Биринчи қувватлар жорий йил охиригача фойдаланишга топширилиши, тўлиқ ишга эса объектлар 2024 йилдан бошлаб туширилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида йилига 5,2 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 1,4 миллиард кубометр табиий газ тежалади.

Ундан ташқари, 20 февраль куни Ўзбекистон Хитойнинг Huaneng renewables Corporation ва Poly Technologies компаниялари консорциуми билан Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2 000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Ушбу ҳужжат доирасида консорциум икки миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритади. Станциялар жорий йил охиригача дастлабки босқичда иш бошлайди, тўлиқ қувватга эса келгуси йилда кириши мўлжалланган. Бу йилига қўшимча равишда беш миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва натижада 1,3 миллиард куб метр табиий газ тежаб қолиш имконини беради.

Ўзбекистонда яшил лойиҳаларнинг технологик асослари, қуёш станциялари учун ускуналарни маҳаллийлаштириш имкониятларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Чин мамлакатининг IT гиганти – Huawei билан музокаралар олиб борилмоқда. Унинг бўлинмаси – “Huawei Digital Power”нинг диққат-марказида рақамли энергетикани ривожлантириш масаласи ҳам туради. 2021 йилда компаниянинг ечимлари асосида мижозлар томонидан 482,9 миллиард кВт/соат яшил энергия ишлаб чиқилди ва бу билан CО2 нинг ҳавога чиқарилиш ҳажмини 230 миллион тоннага қисқартиришга муваффақ бўлинди, бу 320 миллион дарахт экиш билан тенг дегани.

2022 йилнинг сентябрь ойида Huawei ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган бўлиб, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича учрашув ҳам бўлиб ўтган. Ҳозирда томонлар Хитой компанияси ечимлари асосида Ўзбекистонда рақамли ва энергетика технологияларини интеграциялаш, шунингдек, кичик қуёш станциялари ёрдамида фуқаролик энергетикасини ривожлантириш ва йирик корхоналарни электрлаштириш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Ўзбекистон ҳудудида қуёш батареялари қурилмалари учун инверторлар ва электромобиллар учун зарядловчи қурилмалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, бу йўналишда ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Ўзбекистон раҳбарияти аҳолини тоза ва ҳамёнбоп энергия билан таъминлаш, углеродни нейтраллаштиришга эришиш мақсадида муқобил энергия соҳасида лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали энергетика тизимининг қувватини кўпайтириш ва ҳажмини тезкорлик билан ошириш режаларини белгилаб берди. Ўзбекистонда қуёш электр станцияларини ишга тушириш бўйича бир қанча йирик лойиҳалар аллақачон амалга оширилмоқда ва улар мана иккинчи йилдирки, яхши натижаларни кўрсатмоқда. Ўз навбатида, биз қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда, мамлакат энергетика тизимини янада мустаҳкамлаш ва яшил стратегияни амалга оширишга ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз”, — таъкидлади Huawei Digital Power компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Яо Цзин.

Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Чэнь Цзякаянинг сўзларига кўра, компания тижорат ва саноат секторларидаги йирик саноат электр станциялари, шунингдек, Ўзбекистондаги маиший қуёш электр станциялари учун фотовольтаника технологияси ҳамда энергияни сақлаш лойиҳаларини жорий қилиш ва уларда иштирок этиш бўйича тажрибага эга.

“Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбариятининг муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ҳажмини ошириш бўйича қатъий йўналишини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонни яшил энергетикага тезкорлик билан ўтказиш борасида Huawei тажрибасидан фойдаланиш учун яхши имкониятга эгамиз”, – деди компаниянинг Тошкентдаги офиси раҳбари.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.