19 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда электромобилларни оммалаштириш бўйича иккита қарорни имзолади.
Унга кўра, 2030 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электромобиллар утилизация йиғимидан, уларнинг бутловчи қисмлари, жиҳозлар, хомашё материаллари ва сервис хизмат кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлари божхона божидан озод этилди.
Инвесторларга ишлаб чиқариш жараёни ўзлаштирилгунга қадар (24 ойгача) йилига 10 минг донадан (ишлаб чиқариш қувватларининг 50 фоизидан) кўп бўлмаган электромобилларни машинокомплект (SKD) ёки тайёр автомобиль (CBU) ҳолатида божхона божи ва утилизация йиғими тўламасдан олиб киришга рухсат берилди.
Республикада ишлаб чиқарилган электромобилларни сотиб олишга олинган 360 млн сўмдан кўп бўлмаган кредит фоизларининг 15 фоиздан ошган, бироқ 10 фоиз пунктидан ошмаган қисми қоплаш учун кредитнинг дастлабки 36 ойида давлат бюджетидан компенсация тўланади.
2030 йил 1 январга қадар электромобилларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи шахслар лицензия учун давлат божидан озод этилди.
2023–2025 йилларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар томонидан электромобиллар харид қилиниши бўйича мақсадли параметрлар тасдиқланмоқда.
2023 йил 1 январга қадар мис кластерларида электромобиллар ва қувватлантириш станциялари учун бутловчи қисмлар, шунингдек қувватлантириш станцияларининг замонавий турларини ишлаб чиқариш дастури тасдиқланади.
Электромобиллар, уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларни, шунингдек, Европа, АҚШ ва Хитой каби давлатлар органлари томонидан берилган сертификатларни тўғридан тўғри тан олишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси тайёрланади.
Қарор билан, республикада электромобилларни саноат усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда улардан фойдаланишни оммалаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланмоқда.
Қувватлаш станцияларини кўпайтириш бўйича чоралар
2023 йил 1 декабрга қадар автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ қуйиш шохобчаларида камида 1 дона (4 та каналли) 60 кВт қувватли қувватлаш станциялари ташкил этилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб, янги қуриладиган савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйидаги инфратузилма объектларида мажбурий тартибда қувватлаш станциялари жойлаштирилади.
Қувватлаш станцияларининг сонини 2024 йил якунига қадар 2 500 тага етказиш (ҳозирда 70 тага яқин) бўйича хукумат дастури тасдиқланади. Унга кўра:
- 2023 йилда электр тармоқлари, трансформатор ва нимстанцияларга туташ ҳудудлардан 1 400 та қувватлаш станциясини ўрнатиш учун ерлар аукционга чиқарилади;
- “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудларда камида 500 та қувватлаш станциясини қуради;
- 2023-2024 йилларда камида 500 та қувватлаш станциясини жойлаштириш учун давлат органлари ва ташкилотларнинг бўш ҳудудлари “K-savdo” тизими орқали аукционга чиқарилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорларга қувватлаш станциялари орқали электр энергиясини сотиш ҳуқуқи берилади. Бунда, хизмат тарифи (нархи) электр энергиясининг тасдиқланган тарифидан қатъи назар тадбиркорлар томонидан мустақил белгиланади.
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар:
- қувватлаш станциялари ва улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари ер солиғидан, шунингдек, қувватлаш станциялари мол-мулк солиғидан;
- асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлаш хизматини кўрсатиш бўлган тадбиркорлар фойда солиғидан ҳамда транспорт воситаларини қувватлаш хизматини кўрсатишдан олинган даромад айланмадан олинадиган солиқдан;
- импорт қилинадиган қувватлаш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар божхона божидан озод этилади.
Қувватлаш станцияларини ўрнатиш, эксплуатация қилиш ва электр қувватига улаш, шунингдек, хизматлар бўйича умумий талаблар ва ягона стандартлар белгиланади.
Шунингдек, 2023 йил 1 июлгача Яшил иқтисодиётни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Турин политехника университети ҳузурида Электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий-тадқиқотлар лабораторияси ташкил этилади. 2023 йилда 100 нафар маҳаллий профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар ривожланган давлатларда малака оширишга юборилади.