Жиззахда Агробанк сўнгги технологиялар асосида “Agro Invitro” лойиҳасини тақдим этди

Улашиш:

Ҳозирги кунда бутун дунёда шу жумладан, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи долзарб бўлиб бормоқда.

Ўз навбатида, айнан ушбу масаланинг илғор ечимларини таклиф этиш мақсадида, Агробанк томонидан қишлоқ хўжалиги йўналишида бир нечта уникал лойиҳалардан иборат экотизим яратилган.

Хусусан, қишлоқ хўжалигида серҳосил ва экспортбоп мева кўчатларини етиштириш, манзарали дарахт ва гуллар импортини камайтиришни таъминлаш учун, Агробанк сўнгги технологиялар асосида “Agro Invitro” лойиҳасини тақдим этди.

Лойиҳа асосида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 20,4 гектар ҳудудда намунавий кўчатлар етиштиришга мўлжалланган лаборатория комплекси ишга туширилди.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади ҳосилдорлиги юқори, кафолатланган, экспортбоп ҳамда замонавий селекция, генетика технологиялари асосида кўчатлар етиштириш ва шунинг натижасида юртимизда мева-сабзавотларни янги, серҳосил навларини кўпайтиришни таъминлашдир. Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, кўчат етиштиришнинг барча босқичларини ўз ичига олади. 

Лойиҳа тақдимоти жорий йилнинг 7 июнь куни Ғаллаорол туманидаги “Agro Invitro” комплексида бўлиб ўтди. Тақдимотга ОАВ, соҳанинг маҳаллий ва халқаро миқёсдаги малакали мутахассислари, деҳқон ва фермерлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Бу лойиҳа мамлакатимизда кўчат етиштиришга янгича ёндашувни жорий қилади. Хусусан, “Agro Invitro” лабораторияси ўз соҳасида етакчи бўлган Европа (Нидерландия) компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Лаборатория кўчатларни ташқи муҳитдан ҳимояланган, вирус ва касалликлардан тозаланган шароитда автоматлашган ва тизимланган услубда етиштиришни таъминлайди. Бу услуб кўчатларни кафолатланган (сертификатланган) ва сифатли бўлишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, Европа (Нидерландия) компаниясининг технологияси асосида автоматлашган сунъий микро-иқлим муҳитини яратувчи, ойнаванд сўнгги 5-авлод иссиқхонаси барпо қилинди. Ушбу иссиқхона технологиялари иситиш ва совитиш жараёнларида 50 фоизгача энергия тежалишини таъминлаши кўзда тутилган.

Харидоргир кўчат навларини диверсификация қилиш мақсадида, 5 гектар ер майдонида 40 хил навдаги 6 минг дона сертификатланган хорижий мева, узум ва манзарали кўчатлар боғи яратилди.

Иссиқхонадан кейинги босқич учун эса мевали ва маназарали дарахтлар, узум кўчатларини экиш мавсумларигача тайёрлаб бериш учун 10 гектар майдонда кўчатхона ташкил қилинди.

Мазкур лойиҳа амалга ошиши натижасида комплексда йилига 10 миллион дона кўчат етиштирилади. 

Лойиҳани ишга тушириш давомида хорижий малакали мутахасисилар жалб қилинди. Шунингдек, етакчи хорижий лабораторияда кўчатчиликнинг сўнгги технологияларини яқиндан ўрганиш мақсадида 10 дан ортиқ маҳаллий мутахассислар ўз тажрибларини ошириб келдилар. 

Тақдимот давомида “Agro Invitro” лойиҳаси хорижий мамлакатлар шу жумладан, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган соҳа мутахасислари ҳам катта қизиқиш билдириб, ҳамкорлик бўйича бир қатор таклифлар берилди.

Джантасов Серик КажихановичҚозоғистон миллий аграр тадқиқот университетида Ўсимликларни микроклонал кўпайтириш лабораторияси мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди 

 - AgroInvitro лаборатория кўчатхонаси – юқори технологияларга асосланган, саноат усулида кўчат ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлиб, назаримда МДҲ ҳудудида эталон лойиҳа ҳисобланади. AgroInvitro коллекциясида жаҳон селекциясидаги сўнгги йилларда яратилган навлар билан таъминланган. Келгусида   AgroInvitro компанияси Марказий Осиёда янги замонавий интенсив боғлар ташкил этишда катта хисса қўшишига ишонаман ва биз ушбу компания билан яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини билдирамиз.


Ахмеджанов Максат Скрябин номидаги Қирғизистон миллий аграр университетида лаборатория мудири, Биотехнолог

- Agro Invitro комплекси вирусдан холи материаллардан тайёр кўчат ҳолига келтириб, ишлаб чиқариш   циклининг барча занжирини ўзида мужассам этган лойиҳа деб ҳисоблайман. Тўғрисини айтиш керак, бу каби лабораториялар кўплаб МДҲ давлатлари, қолаверса Европа давлатлари учун ҳам орзу деб ҳисоблайман. Чунки бу комплексда энг сўнгги юқори технологиялар келтирилган бўлиб, боғдорчилик ва узумчилик тармоғини шиддат билан ривожланишига ва келгусида Марказий Осиё давлатларининг мева ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда юқори босқичга олиб чиқишига ишонаман. 


Илья Краснощёков - Иссиқхона ва очиқ ирригация тизими соҳасида 18 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассис. (Gakon Netafim, Нидерландия)

 - AgroInvitro инновацион технологиялар лойиҳаси Марказий Осиё ва МДҲ ҳудудида уникал лойиҳа бўлиб, Европа мутахассисларининг тажрибасини ўзида мужассам этган. Лойиҳада турли участкаларда микроиқлим назоратини таъминлаш, уни тўлиқ автоматлаштириш, санитария меъёрлари, суғориш сувини фильтрлаш ва дезинфекция қилиш, мослашиш зоналари ва сувни зарарсизлантириш бўйича энг илғор технологияларни бирлаштирган. Мажмуа йилига 10 миллион тупгача узум ва мевали дарахт кўчатларини етиштириш имконини беради. Ушбу натижага эришиш учун қишда қаттиқ микроиқлим назорати (+28 C) ва ёзда зарур совутиш таъминланади.


Алексей КурбонаевЎсимликлар етиштиришни автоматлаштириш бўйича етакчи, шунингдек, Agro Invitro лабораториялар учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиси бўлган компания гуруҳи (“Viscon Group”, Нидерландия) вакили. 

- Ўзбекистонда кўчатларни замонавий лабораторияларда етиштиришнинг катта имкониятлари мавжуд. Бу йўналишдаги 5 йиллик фаолиятим давомида турли мамлакатлардаги кўплаб лабораторияларида бўлдим ва ишонч билан айта оламанки, Agro Invitro Ўзбекистон ҳам ишлаб чиқариш қуввати, ҳам технологик жиҳозлаш бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчига айланди. Бу лабораторияда кўчатларнинг илдиз отиши, кўчат ўстиришнинг иқлим назорати, муҳитни тайёрлаш ва тўлдириш учун автоматик бошқарилиши энг илғор технологик бошқарув тўлиқ илмий ечимларга асосланганлиги билан аҳамиятлидир. 

Агробанк қишлоқ хўжалигида илм ва инновацияларга асосанланган янги лойиҳаларни тадбиқ этишни ҳамда қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.