Ўзгараётган маҳр: қадриятдан эҳтиёжгача

Улашиш:

Маҳр нима ўзи? Унинг муҳимлиги ва қиймати нимада? Баъзилар учун бу одат – келинга ҳурмат белгисини ифодалайди. Баъзилар учун шунчаки расмиятчилик, айримлар эса уни ажрим пайтида босим ўтказиш усули деб ҳисоблайди.

 Журналист Шуҳрат Хуррамов аёллар, оилалар, имом ва мутахассислар билан суҳбатлашиб, Ўзбекистонда маҳр қандай ишлаши, нима учун у ҳанузгача жамиятда баҳсли ва турлича муносабатларга сабаб бўлаётганини аниқлашга ҳаракат қилди.

 

Маҳр можароси

Беш йил олдин Гулчеҳрани қўшни қишлоқдаги Рустам исмли йигитга узатишди. Унаштирув маросимида куёв унга қизил тошли олтин узук совға қилган эди.

«Узук жуда катта эди, ҳамма менга ҳавас қиларди», – дея эслайди аёл.

Бироқ тўйдан кейин тақинчоқ сохта экани маълум бўлди. Гулчеҳранинг қалбидаги қувонч тез орада алданиш ва камситилиш туйғусига айланди. Қайнона узр сўраш ўрнига ҳақиқий узукни олишдан аввал ўз «қадриятини» исботлашга ҳаракат қилди. Гулчеҳра на куёвнинг оиласидан, на куёвнинг ўзидан қўллаб-қувватлаш кўрди.

 Бу воқеадан сўнг жанжаллар одатий ҳолга айланди. Тўйдан тўрт ой ўтиб, Гулчеҳра уйига кетишга қарор қилди.

 «Мени алдашганини тушунганимда, руҳий изтиробларимнинг сабаби шунчаки узук эмас, балки мени осонгина камситишгани бўлди», – дейди у.

 Тўй вақтида Рустам молиявий қийинчиликларга дуч келган. У хотини учун узукни ўзи танлашни истаган. Чунки бу узук ҳурмат рамзи ва ўзига хос маҳр бўлиши керак эди. Аммо онаси тақинчоқни ўзи танлаш қарорида қаттиқ туриб олди. Рустам эса оқибатлари ҳақида ўйламай, онасининг гапига қулоқ тутди.

 Гулчеҳра узук сохта эканини билганида эса, ҳаммаси батамом тугаганди.

 «Бу бизнинг обрўйимизга путур етказди. Маҳр – бу ваъда, мен бу ваъдани бажара олмадим», – дея тан олади Рустам.

 Аёли билан жанжаллар тез-тез такрорланиб турди. Онасини оқлашга ҳаракат қилишига қарамай, Рустам Гулчеҳранинг ишончини қайтара олмади. Маҳр ажрим сабабига айланди.

 

Маҳр ортга қайтмоқда

Фуқаролик ишлари бўйича юрист ва адвокат Фируза Жалилованинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ажрим жараёнларида маҳр ва қалин масалалари тез-тез кўтарилмоқда. Хусусан, эр ёки унинг ота-онаси келиндан маҳрни, қалинни қайтаришни ва тўй харажатларини қоплашни талаб қилмоқда. Маҳр билан боғлиқ масалалар, айниқса, сўнгги йилларда долзарб бўлиб қолган.

«Авваллари, тахминан 10 – 12 йил олдин, ажрим вақтида «маҳр» деган сўз деярли тилга олинмасди. Ҳозир эса  50 – 60% ҳолатларда бу сўзни бир неча марта эшитиш мумкин. Кўпинча эр-хотин уни қайтаришни талаб қилади. Бироқ бизда дунёвий суд тизими бўлганлиги сабабли, маҳр билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмайди», – дея тушунтиради Фируза.


Унинг айтишича, сўнгги вақтларда маҳр атрофида ўзига хос «мода» пайдо бўлган. Ёш қизлар тортинмасдан куёвдан уй, квартира ёки машина сўрашмоқда. Баъзилари эса ҳатто расмий никоҳдан ўтишни истамасдан, иккинчи хотин бўлишни афзал кўришмоқда.

 Гўзал – Тошкентдаги университетлардан бирининг талабаси. Бу йил ўқишни тугатиб, турмушга чиқишга тайёргарлик кўрмоқда. У маҳр ҳақида етарли тушунчага эга ва уни зарур деб ҳисоблайди. Аммо унинг сўзларига кўра, маҳрга қараганда унинг миқдори муҳимроқ.

 «Асосан, олтин узук ёки занжир мени қониқтиради, аммо мен икки хонали квартира сўрашни хоҳлар эдим. Бу ўзига хос кафолат яъни, агар никоҳ барқарор бўлмаса, мен ота-онамнинг уйига қайтмайман, балки ўз уйимга кўчиб ўтаман», – дейди Гўзал.


Маҳр – бу аёлнинг мулки

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ходими, имом Яқуб Бухорбоевнинг тушунтиришича, Ўзбекистонда минимал маҳр тахминан 2 миллион сўмни (тахминан $150) ташкил этади. Бироқ бу фақат энг паст чегарадир – аниқ сумма куёвнинг молиявий имкониятларига боғлиқ бўлади.

 «Маҳр – бу эрнинг хотинига никоҳ пайти бериладиган мажбурий совғаси. У заргарлик буюмларидан тортиб, кўчмас мулкка қадар рамзий ёки катта ҳажмда бўлиши мумкин. Асосийси, маҳр фақат хотинга тегишли бўлади ва ажралганда ҳам қайтарилмайди. Бу ўзига хос молиявий ҳимоя», – дейди Бухорбоев.


Маҳр битимдек кўрилмоқда: совчининг қараши

Нигора 50 ёшда ва у профессионал совчи. 20 йилдан бери юзлаб жуфтликларга турмуш қуришига ёрдам берган. Унинг айтишича, бугунги кунда қизлар анча манфаатпараст бўлиб қолган. Аксарияти ишлашни истамайди ва оилани фақат эркак таъминлаши керак, деб ҳисоблайди.

 «Олий маълумотга эга бўлмаган қизлар кўпинча куёвдан катта маҳр – уй, квартира ёки машина талаб қилишади. Ўйлайманки, улар пул топиш нақадар қийинлигини тушунмагани учун шундай. Аксинча, ўқимишли қизлар одатда рамзий маҳр сўрашади – улар пулнинг қадрини билишади», – дейди Нигора.


Нигоранинг тушунтиришича, дастлаб маҳр аёлларни ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган. Айниқса, ўтмишда, эркаклар урушда ҳалок бўлиб, хотини ва фарзандларини ҳеч қандай таъминотсиз қолиб кетган ҳолларда аёл ўзига берилган маҳрдан фойдаланган. Унинг фикрича, энг тўғри йўл – бу никоҳ шартномасини тузиш, чунки у маҳрнинг дунёвий шакли ҳисобланади. Можаро ёки ажрим юзага келганда, оғзаки келишувларга қараганда ёзма шартнома юридик кучга эга бўлади.

 

Адвокат Амрулло Аҳмедов Нигоранинг сўзларини тасдиқлайди: Ўзбекистонда қонун эркакни маҳр беришга мажбур қилмайди, агар маҳр аллақачон берилган бўлса, ажрашгандан кейин уни қайтариб олиш имкони йўқ. Одатда бундай масалалар судгача етиб бормайди – улар маҳалла доирасида, оқсоқоллар ва фаоллар иштирокида ҳал қилинади.

 

Маҳрга бўлган қизиқишнинг ортиб бориши: мутахассислар фикри

Тарихчи Нигора Хидоятованинг таъкидлашича, жамиятда маҳрга бўлган қизиқиш кескин ортди, бу эса диний таъсирнинг кучайиши фонида юз бермоқда.

 «Афсуски, Марказий Осиёдаги ҳеч бир давлат ҳанузгача феодализмни тўлиқ енга олмади ва руҳонийлар яна ҳал қилувчи ролни ўйнай бошлади. Ислом фақат маънавий эмас, балки дунёвий институтларни ҳам ўрнини босаётган кучга айланди», – дейди эксперт.


Хидоятованинг фикрича, маҳр ҳодисасининг кучайиши дунёвий институтларнинг заифлиги ва шариат таъсирининг ортиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходими Равшан Назаровнинг фикрича, маҳрни Ўзбекистонда фуқаролик никоҳ шартномасининг бир қисми сифатида дунёвий ҳуқуқий тизимга интегратсия қилиш керак. Бу, айниқса, аёлларнинг никоҳ ва мулк билан боғлиқ ҳуқуқий саводхонлигини ошириш нуқтаи назаридан муҳимдир.

 Унинг айтишича, имомлар ва диний етакчилар билан тушунтириш ишларини олиб бориш лозим – улар одамлар тушунадиган тарзда маҳр расмий никоҳга муқобил эмаслигу, балки унинг тўлдирувчиси эканини айтишлари керак. Агар одамлар фақат никоҳ ўқитиш билан чекланиб, фуқаролик никоҳини рўйхатдан ўтказмасалар, бу ҳолат айниқса, аёллар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиши мумкин.

 «Маҳр муайян даражада ҳимоя воситаси бўлиши мумкин, бироқ у тўлиқ ҳуқуқий тизимнинг ўрнини боса олмайди», – дея таъкидлайди эксперт.

 Бобоёр Тураев хавфсизлик ва сиёсий психология соҳасидаги мутахассис. У мамлакатдаги ажримлар даражасининг юқори эканини таъкидлайди.

«Оилавий қадриятлар расмий тарғиб қилинишига қарамай, мамлакатда ажримлар сони ошмоқда. Бу кўпинча эрта никоҳ ва иқтисодий қийинчиликлар билан боғлиқ. Янада чуқурроқ маънода эса бу ҳолат жамиятдаги хавотир, ишончсизлик ва ижтимоий беқарорлик мавжудлигидан далолат беради», – дейди у.


Унинг фикрига кўра, одамлар психологик барқарорликни таниш ва тушунарли рамзлар орқали излайдилар. Маҳр Ўзбекистонда шундай рамзлардан бирига айланмоқда.

 

Маҳр турли мамлакатларда: анъаналар ва фарқлар

Лин Ал-Хатиб, Дамашқдан келган суриялик аёл, Сурия давлатида маҳр икки қисмга бўлинишини айтади. Бири никоҳдан олдин тўланади, иккинчиси эса ажрашиш вақтида. 2015-йилда никоҳ тузилганда унинг отаси ва куёвнинг отаси, никоҳдан олдин бериладиган ҳадя $2 минг бўлишига қарор қилишган.

2022-йилда етти йиллик турмушдан сўнг, ажрашганидан кейин у $4 минг миқдорида маҳрни олган. Бу унинг ягона молиявий ҳимояси бўлган.

«Аёл эркакнинг истаги бўлмаса, ажрашиш учун ариза бера олмайди. Аммо агар у шартларни бузса, аёл компенсация олиш ҳуқуқига эга», – дейди Лин.


 Мужиб Каллайи – Ҳиндистоннинг Керала шаҳрида яшовчи мусулмон. У 31 ёшда. Ўтган йил у турмуш қурган. Унинг маданиятида, никоҳ – бу икки инсоннинг иттифоқи эмас, балки икки оиланинг бирлашуви. Уларнинг ҳудудида куёв олтин билан келади, келин эса ишонч билан.

 Мужибнинг сўзларига кўра, уларнинг анъаналарида баъзи араб мамлакатларидаги каби никоҳ шартномалари ёки ёзма келишувлар мавжуд эмас.

«Ҳаммаси оғзаки равишда, ишонч ва ҳурмат асосида ҳал қилинади. Бироқ битта мажбурий элемент бор – маҳр бу куёвнинг келинига тақдим этиши керак бўлган олтин ҳадяси», – дейди у.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.