Эмизикли оналар меваларни истеъмол қилиши мумкинми?

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, эмизикли оналар мевалар, жумладан, узум истеъмол қилиши орқали боланинг ичи бузилмайди, чунки мевалардаги зарарли бактериялар она сутига ўтмайди ва эмизикли оналар барча меваларни бемалол, хоҳлаганча истеъмол қилиши мумкин.

Factchecknet.uz мазкур хабар қай даражада ҳақиқатга яқин эканлигини текшириб кўрди.

ҲУКМ: ҲУКМСИЗ

Бундай ижтимоий тармоқларда тарқалган тавсиялардан асосан шифокор билан маслаҳатлашиб, сўнг фойдаланиш лозим. Бир қанча нашрлар эмизикли оналар истеъмол қилиши ва истеъмолидан сақланиши керак бўлган озиқ-овқатлар ҳақида маълумот беради. Хусусан, “Parenting.firstcry.com” тиббий нашрининг изоҳлашича, кўкрак сути жуда озуқага бой бўлиб, чақалоқлар ҳаётининг биринчи олти ойида энг яхши энергия ва озуқа моддалар манбаи ҳисобланади. Шу сабабли, эмизикли оналар ўз рационига соғлом озиқ-овқатларни киритишлари керак. Она соғлом озиқ-овқатларни истеъмол қилиши чақалоқни парвариш қилиш, тўғри овқатлантириш ва ҳатто вазн йўқотиш учун энергия беради.

Эмизиш даврида истеъмолидан чекланиш керак бўлган айрим мевалар мавжуд. Мевалар эмизикли она ва унинг чақалоғи учун зарур бўлган муҳим озуқа моддаларининг бой манбаи ҳисобланади. Шунинг учун эмизикли оналар овқатланиш рационига турли хил меваларни қўшиши мумкин. Бироқ, рационига маълум бир мева киритилгандан сўнг чақалоқда тўшма, шиш ёки қайт қилиш каби салбий реакциялар кузатилса, эмизиш даврида ушбу мевадан сақланиш лозим. Агар чақалоқ ўзини яхши ҳис қилмаса, педиатр билан маслаҳатлашиш шарт.

Эмизиш даврида қуйидаги меваларни истеъмол қилишдан сақланиш тавсия этилади:

  • Цитрус мевалар – эмизикли она киви, ананас, апельсин ва узум каби цитрус меваларни истеъмол қилишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиши зарур. Чунки улар она сути орқали чақалоқнинг ҳазм қилиш тизимига таъсир қилиши мумкин.

  • Гилос – баъзида чақалоқларда қоринда газ тўпланиши муаммосини келтириб чиқариши маълум. Шунинг учун эмизикли оналар гилос истеъмол қилмасликлари мақсадга мувофиқдир.

Узум ҳақида эса: эмизикли онанинг узум истеъмол қилиши чақалоққа ёки ҳатто онага қандайдир ножўя таъсир кўрсатиши аниқланмаган. Бундан ташқари, узумни истеъмол қилиш она сутининг ишлаб чиқарилишига сезиларли таъсир кўрсатиши ёки оналарда эмизиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши қайд этилмаган. Аксинча, унинг қон босимини ва овқат ҳазм қилишни тартибга солиш каби бир қанча соғлиқ учун фойдали жиҳатлари бор. Шу сабабли, эмизикли оналар узум истеъмол қилишдан аввал ёки шифокор маслаҳатисиз узум истеъмол қилган ҳолларда чақалоқда ошқозон оғриғи ва шу каби аломатлар кузатилса, албатта, педиатрга мурожаат қилишлари лозим.

Андижон шаҳар болалар шифохонаси неонатологи ва Андижон давлат тиббиёт институти педиатрия ва неонатология кафедраси катта ўқитувчиси Барнохон Маҳмудова бу ҳақда қуйидагича фикр билдирди:

“Узумни эмизикли оналар истеъмол қилса бўлади, фақат 3 ойликкача биз оналарга мевани чегаралаймиз. Чунки мевалар 3 ойликкача чақалоқларда қорин оғриғига сабаб бўлади. Фарзандлари уч ойлик бўлганидан сўнг, оналар меваларни оз-оздан истеъмолга киритиб боради ва, албатта, меъёрда истеъмол қилиши тавсия этилади. Агарда онада қандли диабет бўлса ва чақалоқ қандли диабет билан туғилган бўлса, эмизикли она умуман узум истеъмол қилиши мумкин эмас. Чунки глюкоза ва фруктозалар эмизикли оналар ва болаларга ножўя таъсир кўрсатади.”

Хулоса ўрнида: чақалоқнинг соғломлиги она овқатланиш рационига боғлиқ. Шунинг учун эмизикли оналар чақалоққа зарарли бўлган маҳсулотларни истеъмол қилмасликлари мақсадга мувофиқ. Оналар мева истеъмол қилишдан аввал мутахассис билан маслаҳатлашишлари ва чақалоққа зарарли таъсир кўрсатмайдиган ҳолларда меваларни истеъмол қилишлари тавсия этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.