Она сути - бебаҳо неъмат

Улашиш:

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, она сути билан озиқланадиган чақалоқлар нафас йўллари ва ҳазм килиш тизимларига оид инфексияларга қарши алоҳида ҳимояланган бўлади.

Бу она сутидаги антижисм (ҳимоячи модда)ларнинг инфексияларга қарши бевосита ҳимояни таъминлаши туфайлидир. Она сути захарли бактериялар, вируслар ва паразитларга тўсиқ бўлувчи «нормал флора» деб аталадиган «яхши» бактериялар учун мўътадил мухит яратиб беради. Бундан ташкари, она сутида инфексияли касалликларга қарши иммун тизимини чиниқтирадиган ва унинг яхшироқ ишлашига имкон берадиган омиллар мавжудлиги ҳам аниқланган.

Она сути махсус яратилганлиги боис, у чақалоқлар учун энг осон ҳазм бўладиган овқатдир. Озиқ жиҳатдан жуда бой бўлишига қарамай, у чақалоқнинг нозик ҳазм қилиш тизими томонидан осонликча ҳазм қилинади. Чақалоқ ҳазм қилиш учун унча кўп энергия сарфламаслиги сабабли, у бу энергияни бошқа тана функсиялари фаолиятини тиклаш, аъзоларнинг ўсиши ва ривожланиши учун ишлатади.

Муддатидан олдин кўзи ёриган оналарнинг сути чақалоқнинг эхтиёжларини қондириш учун юқори даражадаги ёғ, оқсил, қанд, натрий, хлорид ва темир моддаларини ўз ичига олган бўлади. Она сути билан боқилган эрта туғилган чақалоқларнинг ўз функсиясини яхшироқ ривожланиши ва улар ақлий тестларни яхшироқ бажариши аниқланган.

Янги туғилган чақалоқнинг ривожланиши учун она сути “омега-3” ёғ алфа линолеик кислоталарни ўз ичига олади. У инсон мияси ва кўзнинг тўр пардаси учун муҳим бирикма сифатида ҳам аҳамиятга ҳам эгадир.”Омега-3” хомиладорлик ва чақалоқликнинг дастлабки босқичлари давомида мия ва асабларнинг меъёрда ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 Бундан ташкари, Бристол университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот она сутининг қон босимига нисбатан ижобий таъсирга эга эканлигини ва шу сабабли юрак хуружи хавфининг камайишини кашф қилди. Шу билна бирга, она сути билан озиқланган чақалоқлар юрак хасталиклари билан деярли оғримаслиги ҳам аниқланган.Она сутида узун халқа политўйинмаган ёғли кислоталарнинг мавжудлиги (булар артериялар каттиклашувининг олдини олади) ҳамда она сути билан озиқланган чақалоқлар камроқ натрий истеъмол қилиши (бу қон босими билан боғлик) натижасида чақалоқнинг ортиқча cемириб кетмаслиги она сутининг юракка алоқадор касалликларнинг олдини олишдаги манфаатларидандир.

Озода ХЎЖАМУРОДОВА,

Пахтакор тумани туманлараро перинатал марказининг қабул дояси.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.