Коррупция давр муаммоси

Улашиш:

Коррупцияга йўл қўйманг! Коррупция давр вабоси! Коррупцияга чек қўямиз! деган шиорлар бугун ОАВларда бот-бот такрорланаётган бўлсада, аммо уни батамом тугатишга эришилмаган. Халқона тилда оддийгина қилиб тушунтирадиган бўлсак-порахўрлик бугун ҳаётимизнинг айрим жабҳаларида ўзини намоён этаётгани ҳеч кимга сир эмас.

“Мўмай пул эвазига қайсидир муаммони хал қилиб бераман”, “фарзандингизни ўқишга жойлаб қўяман” ёки “уйингизни кадастр қилдириб бераман” деган алдовлар билан халқнинг ишончига кириб бораётганларнинг қилмишларини кунда-кунора ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боряпмиз.

“Кўза кунда эмас, кунида синади” деган мақол халқимиз орасида бежизга юрмайди. Қайсидир қилмиш охир-оқибат ўзининг бўй-бастини кўрсатиши аниқ. Коррупцияга қарши кураш биргина бизнинг юртда эмас балки дунё миқёсида  бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Ҳозирги пайтда Республикамизда коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор дастурлар қабул қилинди ва улар бўйича  кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Дарҳақиқат, жамиятимизда коррупция, турли жиноятлар содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканлигини қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилаётгани бу иллатнинг йўқ бўлишига интилиш демакдир.  

2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш  тўғрисида”ги Қонунининг кучга киргани коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора тадбирларни ишлаб чиқарилиши хамда амалга оширилишини, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, чек қўйишга, оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт –шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларини содир этган шахслар учун фуқаролик, ҳуқуқий, интизомий, жиноий ва маъмурий жавобгарликларни назарда тутган кодекслар қабул қилинди. Шунингдек қонунчилик таҳлилига қараганда, коррупция билан боғлиқ қилмишларга қарши курашиш фаолиятининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексида ўз ифодасини кўпроқ топган, буни қуйидагиларда кўриши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “коррупция боғлиқ жиноятлар”ни назарда тутувчи қуйидаги моддалари, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон тарож қилиш (167-модда), сохта тадбиркорлик (179-модда), сохта банкротлик (180-модда), божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (182-модда), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловлардан бўйин товлаш (184-модда), ҳокимият ва мансаб ваколатини суистеъмол қилиш (205-модда), ҳокимият ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (206-модда), мансаб сохтакорлиги (209-модда), пора олиш (210-модда), пора бериш (211-модда), пора олиш-беришда воситачилик қилиш (212-модда), товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш (214-модда), жиноий фаолиятдан олинган даромадлардан ошкорлаштириш (243-модда), контрабанда (246-модда) каби жиноятларда жазо муқаррарлиги баён этилган.

Шундай экан, коррупцияни йўқ қилиш, жамиятда унинг идизини батамом суғуриб ташлашга ҳар бир фуқаро маъсул. Жамият ривожига бефарқ бўлмайлик!

                

Ж.Алматов - Арнасой туман Давлат хизматлари маркази директори

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.