Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Даштобод темирйўл станцияси бошлиғи пора олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Темирйўлинфратузилма” АЖнинг Даштобод станцияси бошлиғи ихтисослашмаган дўконларда бошқа товарлар чакана савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ томонидан Тожикистон ҳудудидан Ўзбекистонга олиб келинадиган кўмир маҳсулоти ортилган 100 та юк вагонларини ўзининг танишлари орқали божхона кўригидан навбатсиз ўтказиб бериш, станцияда юкни тушириш жараёнида вагонлар белгиланган вақтдан ортиқ туриб қолган тақдирда темирйўл жаримасини қўлламаслик ҳамда юк белгиланган вақтда тушириб олинганлиги бўйича ҳужжатни расмийлаштириб бериш эвазига МЧЖ вакилидан ҳар бир вагон учун 100 АҚШ долларидан жами 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Станция бошлиғи 40 та вагон учун 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Маълумот учун, станция раҳбари муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.