Раҳмдилликка асосланган “бизнес” ёҳуд Ўзбекистонда содда кишиларни алдашнинг яна бир усули

Раҳмдилликка асосланган “бизнес” ёҳуд Ўзбекистонда содда кишиларни алдашнинг яна бир усули

Ўзбекистонда раҳмдликка асосланган “бизнес” авж олмоқда. Фирибгарлар савдо дўконлари ва бошқа сотув жойларини “ўзлариники” қилиб олишган. “Амаки, мабодо нон олиб беролмайсизми?”, деб кекса кишилар ёки болалар содда кишиларни чув туширишмоқда. Шундан сўнг энг қизиғи бошланади.

Раҳмдил инсон бу илтимосни рад эта олмайди. “Бечора оч қолган” кимсанинг эса муддаоси бошқача. Нондан кейин, ёғ, пишлоқ, шампунь, кир ювиш кукуни, салфетка ва ҳоказолар сўралади. Психологик таъсир остига тушиб қолган фуқаролар эса бу молларнинг пулини тўлашади. Айрим огоҳ кишилар бу каби найрангларни   дарров пайқаб олишади.

“Истеъмолчи.уз” ҳамжамиятига келиб тушган кўплаб хабарларга кўра, бундай “бечоралар”нинг аксарияти дўконга ишга қатнагандек боришади. Хариднинг пулини тўлашга тайёр бўлган кишини топиб, улар жавонлардан бошқа қимматбаҳо молларни ҳам олишади.

Бундай ҳийлага чув тушишига сал қолган фойдаланувчилардан бирининг тахминига кўра, мазкур схемада “бечоралар” ва дўкон ходимларининг хуфёна келишуви борга ўхшайди. Чунки бунинг ортидан сотувчи мўмай даромад олиши мумкин.

Кунлардан бирида юқорида тилган олинган фойдаланувчининг ёнига болакай келиб, нон сотиб олишни илтимос қилган ва тўртта нонни жавондан олган. Сўнгра, кассага йўл олиб, болакай  нархи 80 минг сўм бўлган беш литрлик ёғни ҳам “қўлга киритган”. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бола икки литрлик колани ҳам олиб, харидларнинг барчасини нақд тўлашни сўраган. Фойдаланувчининг сўзларига кўра, харидлар учун нақд пул тўланса, эҳтимол, барча моллар ўз жойига қайтарилиши мумкин. Оқибатда кассир ҳам, “бечора” ҳам шу пулларни ўзаро бўлишиб олишади.