Коррупцияга қарши курашиш: ўтган давр таҳлили

Улашиш:

Жиззах вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаати юзасидан фикрлар билдирилди.  

Қонунлар, фармон, қарор ва фармойишларда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси натижасида коррупцияга қарши курашиш борасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги янада кенгайиб, самарали механизмлар амалиётга татбиқ этилаётгани таъкидланди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳамда “Коррупциясиз соҳа” йўналишида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам эшитиб борилмоқда. 

– Жорий йил ўтган даври мобайнида коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда “Мен коррупцияга қаршиман”, “Коррупция жамият кушандаси”, “Коррупцияга қарши курашиш ҳаммамизнинг бурчимиз”, “Коррупция – мамлакат тараққиётига тўсиқ” каби мавзуларда учрашув, семинар, матбуот анжуманлари ва давра суҳбатлари ташкил этилди, – дейди халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши котибияти мудири, вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши котиби Нодира Каримова. 

Аҳоли ва давлат хизматчилари ўртасида ижтимоий сўров ва тадқиқотлар ташкил этиб борилди. Хусусан, ҳудудий кенгаш томонидан ўтган давр мобайнида аҳоли вакиллари билан “Сиз солиқ органларида коррупцион ҳаракатларга (тамагирлик, порахўрлик) дуч келганмисиз?”, “Давлат солиқ хизмати органларидаги қайси соҳада коррупция ҳолатлари кўп учрайди?”, “Давлат солиқ хизмати органларида коррупциянинг қайси кўринишига дуч келгансиз?” каби аноним сўровлар ўтказилган.  

Давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлардаги коррупцион ҳолатлар мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда.

9 декабрь – “Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишланган “Аксилкоррупция ҳафталиги” ўтказилиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда “Мен коррупцияга қаршиман”, “Коррупция жамият кушандаси”, “Коррупцияга қарши кураш, ҳаммамизнинг бурчимиз”, “Коррупция – мамлакат тараққиётига тўсиқ” каби мавзуларда семинар, танлов, матбуот анжуманлари ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Вилоятдаги ўрта ва олий таълим муассасалари билан талаба ва ўқувчилар ўртасида “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз” мавзусида ўтган иншолар танловида 11 минг 586 нафар ўқувчи ва талаба-ёш иштирок этган.

Маълум қилинишича, оммавий ахборот воситалари ходимлари ёрдамида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш муҳимдир. Шу боис ОАВ ходимлари учун “Коррупция – жамият кушандаси” кўрик-танлови ташкил этилиб, ғолиблар аниқланди. Иштирокчилар орасидан “Энг яхши босма нашр мақоласи”, “Энг яхши телекўрсатув ва радиоэшиттириш”, “Энг яхши интернет мақоласи”, “Энг яхши видеоролик”, “Энг яхши баннер ёки тасвирий санъат асари” номинациялари бўйича ғолиблар сараланди.

Анжуман сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.  

 

А.Қаюмов, ЎзА

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.