Расул Кушербаев UzAuto Motors Cobalt’ни ўриндиқ иситиш модулисиз таклиф қилганини танқид қилди. Компания бунга жавоб қайтарди

Улашиш:

UzAuto Motors яримўтказгичлар танқислиги сабаб Cobalt’ни харидорларга ўриндиқ иситиш модулисиз, 1 миллион сўмга арзонроқ етказиб беришни таклиф қилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев буни истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш деб баҳолади.

Расул Кушербаев ўз танқидида қуйидаги бир қатор саволларни ўртага ташлаган:

Компания нега бошқа мамлакатлар автомобиль саноатига ўхшаб аввал автомобилни ишлаб чиқариб кейин сотувга чиқармаяпти? Нега йўқ нарсага олдиндан пул олади?
Компаниянинг истеъмолчига кўрсатмаган хизмат ёки бермаган товари учун олдиндан ҳақ тўлаб ишлаши ҳалол ва қонунийми?
Компания нуқсонли товар бергани ёки истеъмолчига вақтида товарни бермагани учун неустойка(пеня) ҳам тўлаши керак. Бунинг ҳисоб-китоби борми?
Депутат, шунингдек, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида «Нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда ижрочи истеъмолчи ҳар бир кечиктирилган кун, соат (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини (агар унинг қиймати алоҳида белгиланмаган бўлса) бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди», деган норма борлигини билдириб ўтган.

UzAuto Motors депутатнинг танқидига жавоб қайтариб, компаниянинг позицияси харидорларга танлов ҳуқуқини бериш — автомобилни ўриндиқ иситгичи опциясиз 1 миллион сўм компенсация билан қабул қилиб олиш ёки етишмаётган деталнинг етказилишини кутиш эканлигини маълум қилди.

Муносабатида тўлиқ комплектацияли автомобилни етказиб бериш муддати ўз кучида қолиши таъкидланган.

«Яримўтказгичларнинг танқислиги, ишлаб чиқаришнинг қисқариши, навбатлар — бутун дунё автомобилсозлик саноати кризис даврни бошдан кечирмоқда. UzAuto Motors ҳам бундан мустасно эмас. Яримўтказгич компонентининг етишмовчилигига тўхталадиган бўлсак, бу юзага келган вазият форс-мажор бандига тўғри келади. Форс-мажор ҳолатлар юзага келганда жарималар кўзда тутилмаган», — дейилади UzAuto Motors хабарида.

Шунингдек, автомобилни харид қилиш шартномасида истеъмолчи тўловни тўлиқ қайтариш шарти билан маҳсулот харидидан воз кечиши, алмаштириши ёки комплектация ўзгаргани учун қайта ҳисоб-китоб қилиши кўрсатилган 2.4 банд борлиги қайд этилган. «Сўнгги танлов харидорда қолади. Истеъмолчи ҳуқуқи ҳурмат қилинади», — деб таъкидланган хабарда.

Бундан ташқари, компания ўриндиқ иситгичи модулисиз бериладиган автомобиль нуқсонли («брак») деб аталмаслигини билдирди.

«Қўшимча опциянинг йўқлиги яроқсиз ҳисобланмайди. Ушбу қонунда ‘брак’ (яроқсиз) сўзининг ўзи умуман йўқ. Халқ сайлаган депутат ‘брак’ (яроқсиз) сўзи билан маҳсулотдаги етишмовчиликни назарда тутган кўринади. ‘Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида’ги қонуннинг 19-моддасига биноан, маҳсулотдаги етишмовчилик — бу маҳсулотни тўлиқ мақсадли ишлатилишидаги камчиликдир. Яъни ҳурматли депутат, ўриндиқ иситгичисиз автомобилдан фойдаланиб бўлмайдими? Бундан кўриниб турибдики, депутат кўрсатган қонунини ўзи ўқимаган.

Нотўғри талқин, ўзбошимчалик билан хулоса чиқариш, фуқароларни чалғитиш UzAuto Motors экспертларида халқ депутати ўз мамлакатининг қонунчилигини билишига жиддий шубҳа уйғотди. Шундай қилиб, бирор-бир депутат норматив ҳужжатларни ўзича талқин қилиб, ихтиёрий равишда ёки беихтиёрий ўз аҳолисини норозиликка чақиришга қанчалик ҳақли?», — дея якунланган UzAuto Motors муносабати.

Компания яримўтказгичлар танқислиги сабаб ишлаб чиқариш кескин тушиб кетгани ва оқибатда етказиб бериш муддати ҳам узайганини май ойларида маълум қилганди.

UzAuto Motors’нинг ҳар бир автомобилида 100—300 та яримўтказгичлардан фойдаланилган эҳтиёт қисмлар мавжуд. Улар спидометр, электр кучайтиргич, магнитола, шунингдек, навигация ва бошқа жойларда ишлатилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.