Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе мураббийлар ҳақидаги тарқалаётган хабарлар футболчиларга ҳам таъсир қилаётганини очиқ тан олди. Унинг сўзларига кўра, интернетда турли тахминлар ортиб бораётгани жамоа ичида ҳам маълум даражада чалғишларга сабаб бўлмоқда.
Кападзе Ўмон билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида шундай деди:
«Ўйин давомида вазиятлар бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик. Бизда турнирдан олдин фақат икки машғулот қилиш имконияти бўлди. Шу билан бирга, интернетда „бу келди, у кетди“ деган хабарлар ҳам футболчиларни чалғитаётгани рост. Улар ҳам телефондан кузатади, бу ўзимизга ҳам таъсир қилади».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 30 август куни CAFA Nations Cup-2025 турнирида Ўмон билан дуранг ўйнади (1:1). Ушбу баҳсда Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев ва Жалолиддин Машарипов каби легионерлар жамоага қўшилмаган эди.
Шу вақтда, миллий жамоа бошқарувига хорижлик мураббий тайинланиши ҳақидаги хабарлар спорт оламининг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзусига айланди.
Аввалига, ЎФА 2014 йилда Германияни жаҳон чемпионига айлантирган Йоахим Лёв билан музокаралар олиб борди, аммо тажрибали мутахассис таклифни рад этди.
Кейинчалик эса португалиялик мутахассис Паулу Бенту асосий номзод сифатида тилга олинди. Унинг Тошкентда кўрилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди, бироқ музокараларда ҳали силжиш йўқ.
Паулу Бенту аввал Португалия ва Жанубий Корея терма жамоаларини бошқарган. 2023–2025 йилларда БАА миллий жамоасига устозлик қилган ва ЖЧ–2026 саралашда муваффақиятсиз натижалардан сўнг истеъфога чиққан.
Кападзе эса жорий йил 22 январдан бери миллий жамоани бошқариб келмоқда. Унинг қўл остида Ўзбекистон Қирғизистонни мағлуб этди (1:0), Эрон билан меҳмонда дуранг ўйнади (2:2) ва БАА билан (0:0) тенг кўрсаткич қайд этди. Бу натижалар тарихий тарзда Жаҳон чемпионати–2026 йўлланмасини қўлга киритиш имкониятини сақлаб қолмоқда.
?? Миллий жамоа CAFA Nations Cup-2025’даги кейинги баҳсини 2 сентябрь куни Туркманистонга қарши ўтказади.