UzAuto Motors талаб юқорилиги сабаб уч турдаги моделларни ишлаб чиқаришни оширди

Улашиш:

UzAuto Motors уч турдаги моделларни ишлаб чиқаришни оширди, деб хабар беради компания матбуот хизмати. Гап Nexia АТ, Spark АТ ва Damas ҳақида кетмоқда.

Бунга сабаб — талаб ва эҳтиёжнинг ортгани. Компаниядагиларнинг таъкидлашича, харидорлар автомобилларини 1—10 кун ичида олишлари мумкин.

Аввалроқ бутун дунёда автомобилсозлик саноати пандемия сабаб оғир кунларни бошидан ўтказаётгани, бироқ Ўзбекистонда — UzAuto Motors 2020 йилда барча турдаги автомобилларни ишлаб чиқариш ҳажмини оширгани маълум бўлганди.

Айниқса, Cobalt ишлаб чиқариш ошган — 55,7 фоизга (конвейердан жами 59 252 нусха модель чиққан). Иккинчи ўринда Gentra — 39 960 нусха билан, 36,4 фоизга ўсиш, Spark эса 29,9 фоизга ошиб 19 980 нусхани ташкил этган. Damas ишлаб чиқариш 7,6 фоизга ўсган (39 631), Лабо эса 16,5 фоизга (6259).

Жаҳон автомобилсозлик бозори эса оғир кунларни бошидан ўтказмоқда. 2009 йилдан буён давом этган тўққиз йиллик ўсишдан сўнг, 2019 йилда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 92 миллионга тушиб кетган.

Иқтисодий фаоллик ва истеъмолчилар ишончининг камайиши нафақат бозор ҳажмининг пасайишига, балки бутун машинасозлик соҳасидаги корхоналарнинг даромади камайишига олиб келади.

Ҳозирда автомобиль ишлаб чиқарувчилар 2020 йил учун ўз прогнозларини кўриб чиқмоқда, бироқ ноаниқлик ҳали ҳам давом этаётгани сабаб аниқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш мушкул. Бир нарсани шубҳасиз айтиш мумкинки, барча етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчилар 2020 йилдаги савдолар ва даромаднинг камайганини прогноз қилмоқда.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев UzAuto Motors машиналарини олиш учун 85 фоизлик олдиндан тўлов тартибини танқид қилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.