Шерзод Кудбиевнинг журналистга «сиз ҳали ёш қизчасиз» дейиши муҳокамаларга сабаб бўлди

Улашиш:

17 январь куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан матбуот анжумани ўтказди.

Анжуманда журналистлардан бири Артел, «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Uzbekistan Uzrailways» каби йирик компанияларга солиқ имтиёзлари берилгани натижасида давлат бюджетига тушмаётган маблағлар кимнинг елкасига тушаётгани, улар нега мол-мулк солиғидан озод қилингани ва уларнинг балансида қанча мол-мулк борлиги ҳақида савол берди.

«Охирги саволга жавоб бермайман: балансида қанча мол-мулк борлиги солиқ сири бўлади. Буни билмайман ҳам, билганимда ҳам жавоб бермасдим.

Кимнинг елкасига тушяпти, деганда савол нотўғри қўйиляпти. Ҳеч кимнинг елкасига тушгани йўқ. Давлат фискал ва молия сиёсати доирасида қайсидир соҳаларни ривожлантириш учун солиқ имтиёзларини беради. Агар биз ўша солиқ имтиёзларини яшириб, эълон қилмаганимизда, Солиқ қўмитасига айбдор сифатида қарашингиз мумкин эди. Биз ҳаммасини очиқчасига эълон қиляпмиз», – деди Кудбиев.

Журналист ДСҚ раиси жавобидан қониқмагач, «Бу менинг гапим эмас, халқимиз сиздан тўлиқ, батафсил жавоб кутяпти», – деб сўрайди.

Журналистга жавобан Шерзод Кудбиев: «Бу жавобдан қониқиш-қониқмаслик сизнинг ишингиз, албатта. Иккинчидан, сиз ҳали ёш қизчасиз, халқ номидан гапиришга икки хил тоифа шахсларда ҳуқуқ бор. Сиз халқ номидан гапиролмайсиз, буни келгусида ҳушёр бўлишингиз учун айтмоқчиман: халқ номидан фақат президент ва депутат гапиради, чунки улар халқ томонидан сайланган. Бошқа одам халқ номидан гапиришга ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, бошқа томондан ҳам ҳаққи йўқ», – деб жавоб берди. Бу эса анжуман иштирокчиларида эътироз келтириб чиқарди.

«Танқидни ўз ўрнида қилиш керак. Аҳоли бизга саволлари билан юзланади. Ахир уларнинг ҳаммаси ҳам савол бергани бу ерга келолмайди. Ҳозир кузатяпмиз, файсбукда қўйилган пост остида саволлар бериляпти. У халқнинг саволлари. Уларнинг номидан бериляпти. Қўполлашишнинг кераги йўқ», – дейди блогерлардан бири.

Қўмита раҳбари эътироздан кейин агар гаплари қўпол кўринган бўлса, узр сўрашини билдиради.

Ушбу ҳолатга тармоқнинг таниқли фаоллари ва блогерлари ҳам ўз муносабатларини билдиришди.

«Савол асосли. Бироқ қўмита раиси асосий масала қолиб, бошқа томонга кетиб қолибди.

Майли халқ номидан ким гапириши аниқ бўлибди. Лекин айланиб ўргилиб «Артел» бўйича берилган саволга жавоб бўлмади. Балки бу саволга «Артел»ни ўзи жавоб берар. Албатта, агар саволларга очиқ бўлишса», деб ёзди депутат Расул Кушербаев. 

«Бугунги матбуот анжумани ўз олдига қўйган вазифани бажара олмади, ДСҚ ўзини тушунтиролмади, аксинча, раиси айтган сўзлар хайп бўляпти.

Аввало, жаноб Кудбиев журналистнинг сўзларини контекстдан узиб талқин қилди. Журналист ўзига келган саволларни ўқиб: «Бу менинг гапим эмас, халқнинг гапи» деди, контекстда «менинг гапим эмас, одамлар сўраяпти» деган маънода келяпти. Уни узиб олиб халқ номидан гапирма дейиш – сўз ўйини, саволга жавоб бермаслик асли. Бир сўраганда жавоб бермай, қайта сўралганда яна сўз ўйини қилиш омма олдига чиққан одамнинг оммага нисбатан қўполлиги деб талқин қилиниши мумкин.

Халқ халқ бўлиб бориб савол сўрашидан қўрқиш керак аслида.

Умуман олганда, бугунги матбуот анжуманини мақсадли аудитория билан мулоқот деб бўлмайди...

Бошқаттан бошқа мулоқот керак, мақсадли аудитория билан», дея муносабат билдирди Шаҳноза Соатова.

«Тадбиркорларимиз жиддий муаммога дуч келишмоқда. Буни журналистлар, блогерлар бўрттираётгани йўқ, муаммо жиддий, тадбиркорлар айюҳаннос солмоқда, ОАВ, журналистлар, блогерлар шунчаки хавотирга тушаётган, олдида жиддий муаммолар юз келаётганини ҳис қилаётган тадбиркорлар фикрларини сал қофияга солиб эълон қилаяпти. Муаммо журналистлар, блогерларда эмас. Муаммо тадбиркорлар учун қарийб иложсиз ва биртомонлама жорий қилинган маъмурчиликда, уни ишлаб чиққан ва жорий қилаётган ижрочиларда. Ўзбек халқи доно халқ, у ҳамма нарса ўткинчи эканлигини билади, лекин яна эски нуқтадан бошлаш озгина аламли, холос. Бизга сиёсий ечим керак»деб ёзди davletovuz канали.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.