Давлат солиқ қўмитаси Раиси Шерзод Кудбиев тадбиркорлик субъектлари ва уларга кўрсатилаётган солиқ хизматлари сифати билан танишиш, фаолиятида дуч келаётган масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида учрашувлар ўтказмоқда. Шундай учрашувларнинг навбатдагиси бугун "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси мажлислар залида бўлиб ўтди.
Қўмита Раисининг Жиззах вилоятидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнес вакиллари фаолиятида дуч келаётган солиқ тизимига оид қатор масалалари ижобий ҳал этилди.
Одатий учрашувлардан фарқли равишда ўтган тадбирда маърузабозлик қилинмади. Раис тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш учун келганлигини таъкидлади ва тўғридан-тўғри муаммоли масалаларни тинглашга ўтди.
Жиззах вилоятида саноат, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 22 мингга яқин кичик ва ўрта бизнес вакиллари фаолият юритмоқда. Учрашувда иштирок этган тадбиркорлар томонидан берилган таклифлар ҳам тингланди, уларнинг мурожаатларида билдирилган масалалар ижобий ҳал этилди.
Шерзод Кудбиевнинг Жиззах вилоятига сафари давомида куннинг иккинчи ярмида вилоят солиқ хизмати ходимлари билан учрашув ўтказилди.
Унда ҚҚС маъмуриятчилиги, хусусан, ҚҚСнинг ортиқча тўловларини қисқартириш чораларини кўриш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, солиқ тўловчиларга ҚҚС бўйича ортиқча тўловларни қайтаришда сусткашликка йўл қўйган 3 нафар бўлим бошлиғи лавозимидан озод этилди.Бугун кунинг биринчи ярмида тадбиркорлар билан учрашувда Жиззах вилояти Кадастр бошқармаси бошлиғи вазифасига лоқайдлик билан ёндашганлиги сабабли, лавозимидан озод этилди.
Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати