15 июнь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳамда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев билан Электрон тижорат ассосиацияси вакиллари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқотда электрон тижорат субъектлари йўналишида солиққа оид қонунчилик янгиликлари, юзага келиши мумкин бўладиган тушунмовчиликларни биргаликда кўриб чиқиб, уларга ечим топиш масалалари муҳокама қилинган. Шу билан бирга, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга кўмаклашиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилган.
Учрашувда фискал чекларнинг электрон тижорат иштирокчилари томонидан тақдим этилиши механизми, тўлов ташкилотлари томонидан бериладиган фискал чеклардаги 1 фоиз миқдордаги пул маблағини қайтариш тартиби, Электрон тижорат субъектларига техник, ҳуқуқий ва солиқ масалаларига бағишланган электрон ахборот ресурсини ташкил этиш масалалари ҳам кўрилди.
Электрон тижорат субъектлари фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирлик, қўмита ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, тизимли ишлаш белгиланди, дейилади хабарда.