Фискал белгили чекни тўғридан-тўғри онлайн режимда шакллантириш имкони яратилди

Улашиш:

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, товар ва хизматларини электрон тижорат платформалари (Маркетплейс) орқали реализация қилувчи тадбиркорлар учун савдо операциясини электрон шаклда Давлат солиқ қўмитасига юборган ҳолда, фискал белгили чекни тўғридан-тўғри шакллантириш имкони яратилди.

Мазкур қарорга асосан, Давлат реестрига киритилмаган Маркетплейсдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Маркетплейсларни давлат реестрига киритиш учун Ариза билан Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилинади.

Аризага (ҳавола) куйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

  • Маркетплейс дастурий маҳсулотининг техник ва функционал тавсифларига мувофиқлиги юзасидан фискал маълумотлар операторининг хулосаси;
  • Шакллантирилган электрон касса чеклари намуналари;
  • Маркетплейс тизимининг эталон электрон намунаси (APK ва URL website);
  • Маркетплейснинг техник ва функсионал тавсифлари батафсил кўрсатилган техник паспорт (ёки унга тенглаштирилган ҳужжат) ҳамда кафолат мажбуриятлари.
  • Шунингдек, аризада маркетплейснинг сall-маркази телефон рақами кўрсатилади.

Қайд этилишича, солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларнинг ёки тартибларнинг бузилиши ҳолатлари ҳуқуқбузарга нисбатан:

  • Солиқ кодексининг 227-1-моддасига aсосан молиявий санкция;
  • МЖтКнинг 175-моддаси 6-қисмига асосан маъмурий жарима солинишига сабаб бўлади.

Мазкур жарималар Қонунга мувофиқ, 2022 йил 12 июндан бошлаб кучга киради.

Маълум қилинишича, ахборот тизимларини тўғри интеграция қилиш борасида юзага келиши мумкин бўлган масалалар бўйича тегишли тушунтиришлар берилади ва амалий ёрдамлар кўрсатилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.