Қозоғистонда тўрт кунлик иш ҳафтаси қонунчиликка киритилди

Улашиш:

Қозоғистон қонунчилигига тўрт кунлик иш ҳафтаси тушунчаси киритилди. Энди иш берувчи ва ходим беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасига алмаштириш ҳуқуқи билан тўрт кунлик иш ҳафтаси тўғрисида келишиб олиши мумкин.

Қозоғистонда июль ойидан бошлаб Меҳнат кодексига тўрт кунлик иш ҳафтаси тушунчаси киритилади, деб ёзади Tengrinews.kz.

Ҳозирда қонунчиликда беш кунлик ва олти кунлик иш ҳафтаси, шунингдек, тўлиқ бўлмаган иш ҳафтаси (давомийлик томонларнинг келишуви билан белгиланади) тушунчалари бор.

Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг аниқлик киритишича, бу июлдан бошлаб иш ҳафтаси тўрт кунлик бўлади, дегани эмас. Гап иш графигини ўзгартириш имконияти ҳақида кетяпти.

Меҳнат кодексининг янги моддасига кўра, томонлар келишувига биноан меҳнат шартномасида беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасига алмаштириш ҳуқуқи билан тўрт кунлик иш ҳафтасини белгилашга рухсат беради.

«Ушбу амалиёт якка тартибдаги иш берувчилар томонидан аллақачон амалга оширилмоқда ва халқаро меҳнат стандартларига мос келади», — деди Меҳнат вазирлиги матбуот котиби Сакен Дилдахмет.

Ушбу режимнинг жорий этилиши ишлаб чиқариш жараёнини ҳисобга олган ҳолда, ходимга шахсий ва оилавий эҳтиёжлар билан шуғулланиш бўйича мажбуриятларнинг комбинациясини таъминлаш имконини беради, дея тушунтирди у.

«Ушбу режимда ишлаш ходим учун йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлиги, иш стажини ҳисоблаш ва Меҳнат кодекси, меҳнат, жамоа шартномалари ва битимларида белгиланган меҳнат соҳасидаги бошқа ҳуқуқларни чеклашга олиб келмайди», — дея қўшимча қилди Меҳнат вазирлиги вакили.

Кўпгина мамлакатларда тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этиш муҳокама қилинмоқда. Ўтган йили Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адхам Бекмуродов томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган жамоатчилик кенгаши йиғилишида Ўзбекистонда тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий қилиш таклифи берилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.