Дунё аҳли 2023 йилда қандай шароитларда ишлайди?

Улашиш:

Коронавирус пандемияси сабаб бутун дунёда офисда ишлаш шароитлари ўзгарди. Бизнес эгалари, давлат бошқаруви тизимида ишлар офлайн, онлайн, гибрид кўринишларда ташкил этила бошланди. 2023 йилда буларнинг қайси биридан кўпроқ фойдаланилади? Ҳа айтганча, дунё 4 кунлик иш ҳафтасига ўтишни ҳам аллақачон бошлаб юборди.

Таҳлилчилар келаётган 2023 йилда ишчиларни қандай иш шароитлари кутаётгани ҳақида материаллар эълон қилишди.


Уйда ҳам ишлаш мумкин

Пандемия сабаб жорий этилган локдаунлар даврида масофавий, гибрид (ҳам офисдан, ҳам масофадан ишлаш) иш шакллари оммалашиб кетди. Таҳлилларга кўра, 2022 йилда 58 фоиз америкаликлар ҳеч бўлмаса бир кун уйидан туриб ишлаш имконига эга бўлган, 38 фоизи эса ҳар куни ишга бориши шарт бўлмаган.

Гарчи бу усулда ишлашнинг ижтимоий таъсирини баҳолашга ҳали эрта бўлса-да, дастлабки ҳисоботлар бундай мослашувчан графиклар ишчилар кайфияти яхшиланишига, маҳсулдорлик ошишига сабаб бўлганини кўрсатмоқда.

Фото: Adobe Stock
Бироқ бу ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Компаниялар ходимлари билан корпоратив тарзда боғланиш мумкин онлайн платформаларни ва уларнинг хавфсизлигини ўрганиб чиқиш билан машғул бўлиши кутиляпти.

Офисда бўлмаслик ходимларнинг жамоаси билан кам мулоқотда бўлишига, компания маданиятидан камроқ хабардор бўлишларига сабаб бўлади. Шунинг учун компаниялар бизнес ва ходимлар манфаатини бирдай ўйлаган ҳолда гибрид ва масофавий иш амалиётидан фойдаланишлари керак бўлади. Ходимларнинг эса ишга ҳар куни қатнамаслик ҳисобига транспорт харажатлари тежалади, лекин доимий уйда бўлиш билан энергия харажатлари ошади.

Мажлислар виртуал бўлади

Кейинги йил ташкилотларда метаверс таъсири сезиларли бўлади. Метаверс – виртуал реаллик платформаси бўлиб, унда инсонлар аватар (шахснинг онлайн дунё учун ўзи ясайдиган варианти) орқали ҳаракатланиш мумкин. Бундай платформаларда корпоратив мажлислар ўтказилиши, муҳокамаларни амалга ошириши мумкин. Бунинг учун Meta’нинг (собиқ Facebook) иш атмосферасини берадиган Horizon платформасидан фойдаланиш мумкин.

Horizon платформаси
Бундан ташқари, Nvidia’нинг Omniverse платформаси, Microsoft компаниясининг Mesh платформаси ҳам шунга ўхшаш имкониятларни тақдим этяпти. Пандемия даврида оммалашган Zoom дастури ҳам ўз имкониятларини кенгайтирмоқда.

Реалликдан кўра виртуал ҳаётга кўпроқ ўрганиб бораётган шароитимизда 2023 йилда компаниялар ҳам йиғилишларни виртуал кўринишда ўтказиш вариантини кўпроқ маъқул кўриши мумкин.

Уйда ишлайдиган ходим назорат қилинади

Ходимлар уйдан ишлаши мумкин бўлгач 2023 йилда компаниялар олдида уларнинг иш вақти ишда бўлишини назорат қилиш вазифаси ҳам пайдо бўлади. Бунда турли видеокузатув дастурларидан фойдаланилади. Ходимларни назорат қилиш дастурлари ҳозир бозори чаққон соҳага айланяпти. Улар ишчиларнинг ишлаётганидан ташқари танаффус қилиб туриши, вақти-вақти билан ўринларидан туриб олишларини ҳам эслатиб туради.

Лекин бундай дастурларга эътирозлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Нидерландияда ўтган судлардан бирида уйдан ишлаётган ходимдан камерани ёқиб қўйишни талаб қилиш инсон ҳуқуқларининг бузилиши деб топилган.

Эътирозларга қарамай масофадан ишлаш варианти бор экан, компаниялар ходимларни назорат қилиш дастурларига ҳам кўпроқ эътибор қаратаверади.

4 кунлик иш ҳафтаси реалликка айланяпти

Тарихда иш ҳафтаси технологиялар тараққий этиши билан қисқариб борган. Технология инсонга ёрдам бермаган пайтда одамлар дам олишсиз ишлашган, кейин бир кунлик, сўнг икки кунлик дам олиш анъанаси амалга киритилган. Ҳозир эса ривожланган дунё тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтишга тайёргарлик кўряпти.

4 кунлик иш ҳафтаси нима дегани? Бунда иш соати ўртача 40 соатлик меъёрдан 32 соатга туширилади. Лекин бу ходимга тўланадиган маош ва ишхонанинг умумий фойдаси пасайишига хизмат қилмайдиган қилиб амалга оширилиши керак. 4 кунлик иш ҳафтаси бўйича қилинган таҳлиллар ходимлар кўпроқ соат ишлаши қайтага уларнинг самарадорлиги тушиб кетишига сабаб бўлишини аниқламоқда.

Ходимларга 3 кунлик дам олиш жумадан якшанбагача берилиши мумкин ёки иш шароитига қараб ҳафтанинг исталган бир кунида таътил берилишини амалга ошириш мумкин.

2023 йилда 5 кунлик иш ҳафтасидан 4 кунликка ўтиш фаоллашиши мумкин. 2022 йилда Англия, Белгия, Исландия ва Швецияда 4 кунлик иш ҳафтаси бўйича экспериментлар ўтказиб кўрилди. Кейинги йил бундай тадқиқотлар АҚШ, Шотландия, Канада, Ирландия, Янги Зеландияда ўтказилиши режа қилинган.

Британияда экспериментда қатнашган компанияларнинг 86 фоизи 4 кунлик иш тизимини маъқуллаган. Уларнинг ходимлари иш унумдорлиги ва маошларини ўзгаришсиз сақлаб қолган ҳолда 4 кун ҳам ишлай олишлари мумкинлигини кўрсатишган. Ишдаги ортиқча вақт сарфлашлар камайгани сезилган. Хуллас, 2023 йилда 4 кунлик иш ҳафтаси атамаси анча фаоллашиши кутиляпти.

Сиз 2023 йилда қандай шароитда ишлашни хоҳлаган бўлардингиз?

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.