2022 йил сўнгида бизнес кайфияти қандай ўзгарди?

Улашиш:

2022 йил сўнгида бизнес кайфияти қандай ўзгарди?

Марказий банк 2022 йилнинг тўртинчи чораги учун бизнес кайфияти шарҳини тақдим қилди.


Фото: “Дарё” 

Ўзбекистонда 2022 йилнинг тўртинчи чорагида тадбиркорлик шароитлари ва муҳити ўтган чоракка нисбатан яхшиланганини маълум қилганлар улуши аввалги чорак натижаларига нисбатан камайиб, 45 фоизни ташкил этди.

Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Қашқадарё ҳамда Тошкент вилоятларидаги бизнес шароитлари республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори шаклланган.

Ушбу даврда энергия истеъмоли кўпайганини таъкидлаган тадбиркорлар улуши 41 фоизни ташкил этди (III чоракда 40 фоиз).

Юк ташиш ҳажмида камайиш кузатилган бўлиб, юк ташиш ҳажми ўсганлигини таъкидлаган бизнес вакиллари улуши 34 фоизгача қисқарди (III чоракда 42 фоиз).

Тўртинчи чоракда тадбиркорларнинг аксарият қисмида ишчи кучига бўлган талаб ўтган чоракка нисбатан пасайди.

Шунингдек, бизнес вакилларининг 32 фоизи (III чоракда 20 фоиз) тўлиқ фаолият юрита олмаганликларини қайд этишган. Асосий сабаблар — об-ҳаво ёмонлашуви ҳамда газ ва электр таъминотидаги узилишлар.

Бунда, маиший хизмат, савдо, кафе ва ресторанлар, қурилиш, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишчи кучига талабнинг кўпайганлигини маълум қилган респондентлар улуши аввалги чоракка нисбатан пасайган.

Ўз навбатида, бизнес вакиллари чорак давомида иш қидирувчиларнинг кўпайганини билдиришди.

Ўрганилаётган даврда тадбиркорларнинг қарз юкламалари (кредит ва фоиз тўловлар) ўтган чоракка нисбатан деярли ўзгаришсиз қолган.

Умуман олганда, аксарият бизнес вакиллари жорий пул-кредит шароитларини нейтрал даражада деб баҳолашган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.