Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз ички бозорини товар ва хизматлар билан таъминлашда, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини оширишда, ресурсларни оқилона тақсимлаш ва улардан самарали фойдаланишда, ижтимоий гуруҳлар даромадларининг номутаносиблигини камайтиришда, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни яхшилашда катта аҳамиятга эга бўлиб, ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий катализатори ҳисобланади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бозор конъюнктураси ўзгаришларига ҳам, истеъмолчи талаби ўзгаришларига ҳам тез мослашишга қодир бўлиб, истеъмол бозоридаги мувозанатни ушлаб туришда муҳим роль ўйнайди, шунингдек, рақобат муҳитининг шаклланишига хизмат қилади.
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига Жиззах вилоятида саноат соҳаси бўйича 3491 та (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) тижорат корхоналари фаолият юритаётган бўлса, шундан 99,1 фоизи кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келади. 2021 йил январ-март ойларида саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 1480,4 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан физик хажм индекси 116,1 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, ишлаб чиқарадиган саноати умумий ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши - 90,3 % ни, тоғ-кон саноати ва очиқ конлар улуши – 2,8 % ни, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш улуши – 5,8 % ни, сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилиш улуши – 1,1 % ни ташкил этди.
Халқ истеъмол маҳсулот хажми жорий йилнинг январ-март ойларида 596,5 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 125,5 % га ўсган бўлиб, жами саноатдаги улуши 40,3 % ни ташкил этди. Халқ истеъмол маҳсулотлари таркибидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 30,5 % ни ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари эса 69,0 % ни ташкил этди.
Ҳисобот даврида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан 730,8 млрд. сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чикарилиб, унинг умумий ишлаб чиқариш хажмидаги улуши 49,4 % ни ташкил этади.
Жиззах вилоят
статистика бошқармаси
Cаноат статистика бўлими