Энергетика вазири: Бойсундаги газ конидаги сизишни бартараф этиш учун бир неча ой керак бўлиши мумкин

Улашиш:

Яқин кунларда мутахассислар Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конида газ сизишини бартараф этишга ҳаракат қилишади. Агар жорий режа ишламаса, бошқа сценарийни ишлаб чиқиш учун 2-3 ой керак бўлади.

Ўзбекистон энергетика вазири Журабек Мирзамаҳмудов "Лолазор" подкастида 17 сентябрь куни содир бўлган сизиш ҳали бартараф қилинмаганлигини айтди. Унинг эслатишича, 1 сентябрда содир бўлган биринчи фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун қудуқ ёпилгани, аммо газ таркибида водород сулфиди кўп бўлганлиги сабабли у яна сизиб чиққан. Авариянинг яна бир асосий омили сифатида мутахассислар   ғайритабиий даражада юқори қатламли босимни кўрсатишган.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон тарихида бундай йирик техноген авариялар олти марта содир бўлган. Хусусан, вазир уч йилга ёпилган “Ўртабулоқ” конини эсга олган.

Сизишни бартараф этиш учун хорижий ихтисослашган компаниялар вакиллари таклиф қилинган.

"АҚШдан мутахассислар келди, хусусан, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича дунёда етакчи бўлган Cudd Well Control таклиф қилинган. Шу билан бирга, Halliburton, Schlumberger ва Озарбайжондан SOCAR бригадаси чақирилди. Улар иш режасини кўриб чиқдилар, кўрилаётган чора – тадбирларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилдилар", - деди Мирзамаҳмудов.

Яқин кунларда аварияни бартараф этиш мақсадида бу ерда сизишни бартараф этиш учун махсус ускуналар ўрнатилиши режалаштирилган. Агар бу ишламаса, мутахассислар бошқа вариантларни кўриб чиқадилар.

"Агар ёпишнинг имкони топилса – яхши, агар бўлмаса, бошқа сценарийларни кўриб чиқамиз. Масалан, ёпиш учун яқин атрофда қўшимча қудуқ қазиш мумкин. Бу жараён 2-3 ой давом этиши мумкин", - дея хулоса қилди вазир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.