Бойсундаги кондан водород сульфид сизиб чиқиши бартараф этилди (Видео)

Улашиш:

«Мустақилликнинг 25 йиллиги» конидаги 604-сонли қудуқнинг водород сульфид сизиб чиқишини бартараф этиш ва сўндириш жараёни муваффақиятли якунланди.

Мазкур объектдан жорий йил сентябрь ойи бошида водород сулфид ажралиб чиққан эди.

Маълум қилинишича, мазкур жараёнда сизиб чиқишга қарши ускунанинг қўшимча блоги қурилган ва сўндириш учун қудуқ оғзини тайёрлаш ва боғлаш жараёни ўтказилган.

«Қудуқ герметикланди ва сўндирилди», – дейилади хабарда.

Қўшимча тафсилотларда айтилишича, 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чикиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш ўтказилган. 15 сентябрь куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 лар чамаси минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилган.

Ҳодиса оқибатларини режали бартараф этиш жараёни махсус ташкил этилган штаб назорати остида амалга оширилган. Вазиятни профессионал баҳолаш мақсадида воқеа жойига Ўзбекистон, шунингдек, Россия ва АҚШ экспертларининг ташрифи ташкил этилган.

«Таъкидлаш жоизки, ҳодиса оқибатларни бартараф этиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмаган.

Барча зарур чора-тадбирлар Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми, Ўзбекистон Республикаси ФВВ ва «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Ишлар барча зарур техника ва ускуналар билан тўлиқ таъминланган ҳолда олиб борилди. Ҳодиса бошидан барча зарур чоралар кўрилган. Хусусан, атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ва мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди», – дейилади баёнотда.

Таҳлилларга кўра, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаган. Шунингдек, бурғилаш қурилмасининг ишчи майдонини тозалаш ишлари амалга оширилиб, якунланган. Таянч майдон махсус техника ва ускуналарни тўлиқ ўрнатиш ва фойдаланиш учун тайёрланган.

«Шуни қўшимча қиламизки, «Мустақиллик-25» конини ўзлаштириш алоҳида мураккаблиги билан ажралиб туради, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланилади ва кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилади, шу жумладан ходимларга доимий йўл-йўриқ кўрсатилади. Углеводородни қазиб олиш тобора мураккаблашиб бормоқда, бу эса доимий равишда янги тажриба ва кўникмаларни талаб қилади», – дейилади расмий баёнотда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.