“Мустақиллик куни туғилган чақалоқларга аравача ва 1000 сўмдан пул берилади”, “Ўзбекнинг ўз уруғин экканлиги рост бўлсин!”, “Юртимизга мустақиллик билан бироз дастурхонимизнинг рангини ўчириб бозор деганлари ҳам кириб келди”, дейилади мустақиллик эълон қилингандан кейин нашр қилинган газета сонларида. 1991 йил 31 августда Олий Кенгашнинг 6-сессиясида Ўзбекистон мустақил бўлгани эълон қилинади. Шу куни ва мустақилликнинг 1 йиллиги арафасида ўзбек матбуоти нималарни ёзди?
1991 йилларда ўзбекистонликлар ўқийдиган “Ўзбекистон овози”, “Ишонч”, “Қишлоқ ҳақиқати” ва “Оила ва жамият” каби газеталарда эълон қилинган мақолаларнинг аксарида одамлар, мустақилликни жуда катта умид билан кутиб олгани ва мустақиллик уларга фаровон ҳаёт беришига ишонишгани кўринади.
Ўша пайтдаги Коммунистик партиянинг нашри ҳисобланган “Совет Ўзбекистони (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)” газетаси 1991 йил 31 август шанба куни бош саҳифасида “Тарихий кун бугун” сарлавҳали хабар эълон қилади. Унда 31 август соат 10да Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессияси очилиши эълон қилинади. Бу вақтда собиқ совет иттифоқи таркибидаги республикалар бирма-бир ўз мустақилликларини эълон қилишни бошлаганди. Навбат Ўзбекистонга келганди. Шунинг учун ҳам бу сессияга депутатлар “ўзгача кўтаринки руҳ” билан келгани ёзилган.
“Улар илк бор Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини қонуний кучга киритиш, халқнинг эзгу орзусини амалда рўёбга чиқариш, эртанги куннинг умид чироғини ёқишдек тарихий масалани муҳокама этадилар. Халқ иродасига қулоқ солиб, унинг қалб амрига лаббай деб отилиб чиққан сардорларимизга ҳам, минглаб сайловчиларнинг Олий Кенгашдаги вакилларига ҳам, бу тарихий сана ижодкорларига ҳам одам ёр бўлсин”, дейилади газета хабарида.
“Совет Ўзбекистони” газетаси номи 1991 йил 1 сентябрдан бошлаб “Ўзбекистон овози” номига ўзгаради ва бош саҳифа “Ассалому алайкум, Мустақил Ўзбекистон” деган ёзув билан чиқади.
1 кун олдин чақирилган 6-сессия ахбороти ҳам шу сонда эълон қилинади. Депутатлар Олий Кенгашнинг республика давлат мустақиллиги тўғрисидаги баёнотини қабул қилади ва тегишли қарорга мувофиқ Ўзбекистон ССРнинг номи Ўзбекистон Республикаси деб ўзгартирилади. Шу кундан бошлаб Мустақиллик куни байрам қилинадиган бўлади ва дам олиш куни ҳисобланади. Олий Кенгаш моддама-моддда муҳокамадан кейин Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мустақиллиги тўғрисидаги қонунни қабул қилган.
Газетанинг бош саҳифасида Ислом Каримовнинг нутқи эълон қилинади. Нутқ шундай бошланади: “Ҳурматли ўртоқлар, Юртдошларим! 19-21 август кунлари рўй берган давлат тўнтариши сабабли мамлакат даҳшатли ҳалокат гирдобига ғарқ бўладиган ҳолатга келиб қолди. Ўзларини СССРда фавқулодда ҳолат давлат комитети деб эълон қилган бир гуруҳ кимсалар миллионлаб одамлар бошига янгидан мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар солмоқчи бўлдилар… Жумҳуриятлар мустақил давлат бўлиб қолишига интилаётгани уларни қўрқитиб юборди. Ҳокимият қўлдан кетса, уларнинг ҳеч кимга керак бўлмай қолишларини улар англаб қолди…”
Саҳифа остига эса Абдулла Ориповнинг “Адолат офтоби” шеъри босилади.
Адолатнинг ҳаётбахт шамоллари елдими?
Ҳақ ниҳоят халқимизнинг арзини қабул қилдими?
Неча йиллар орзиқиб кутган кунлар келдими?
Елкамизга офтобнинг текканлиги рост бўлсин!
Ўзбекнинг ўз уруғин экканлиги рост бўлсин!
Газетада ёзилишича, олтинчи сессиядан кейин Каримов журналистлар билан учрашади. Унда “Вашингтон пост” мухбири ва бошқа маҳаллий мухбирлар билан учрашиб уларнинг саволларига жавоб берган. Саволлардан бири Ўзбекистон олтин конларини қандай тасарруф қилиши билан боғлиқ бўлган. Каримов бунга Олмалиқ кон-металлургия комбинатида тайёрланаётган олтин ва кумуш республика ихтиёрига ўтаётгани, агар марказий ҳукумат бунга қарши бўлса, Зарафшон комбинати олтинларини жумҳурият халқи тасарруфига олиш ҳақидаги масала ҳам қалқиб чиқади дея жавоб берган.
“Ишонч” газетасининг 1992 йил 31 август сонида Мустақилликнинг 1 йиллиги сарҳисоб қилинади. Одамлар байрамни нишонлаш учун Мустақиллик майдонига бориши айтилади. Ўша пайтдаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари раиси Бўри Алламуродович журналист билан суҳбатда мустақиллик ҳақида шундай дейди: “Республика мустақиллиги байрами ҳар биримизнинг, ҳар бир оиланинг энг азиз, миллий байрамига айланди. Одамлар қалбидаги сиз сезган кўтаринкилик ҳам шундан…”
Газетанинг худди шу сонида ёзувчи, ўша пайтда Олий Кенгашнинг миллатлараро муносабатлар, тил ва маданият қўмитаси раиси бўлган Пиримқул Қодиров мустақиллик рамзлари бўлган герб ва байроқ қандай қабул қилинганини батафсил тушунтиради, рамзларни қабул қилишда қандай қаршиликка учраганини айтади: “… Амир Темур байроғининг гўзал мовий рангини ва ғазнавийлар байроғининг тиниқ яшил тасвирини биз шу ердан топдик ва улардан нусхалар кўчиртириб, сессия пайтида халқ депутатларига кўрсатдик. Академик А.Асқаров cа машҳур тарихчи олим Б.Аҳмедов билан биргаликда телевизор орқали чиқишлар қилиб, байроқ билан гербнинг турли муқобил вариантларини кенг жамоатчилик олдида шарҳлаб бердик…”.
Навоийнинг Нурота туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси Бахтиёр Бўронов шундай дейди: “Ҳозирда Мустақил Республикамиз фуқаролари ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, сабр-қаноат билан ўзларига топширилган ишларни сидқидилдан бажарсалар, кўзлаган маррамизга етишимизга ишонамиз”.
Мустақиллик эълон қилинган 6-сессия ва Каримов нутқи ўша пайтдаги Коммунистик партия Марказий Қўмитасининг яна бир нашри “Қишлоқ ҳақиқати” газетаси бош саҳифасида ҳам босилади. Газетанинг кейинги саҳифаларида эса Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғуломнинг мустақиллик ҳақида “Ўшал кун келди” мақоласи чоп этилади.
“Бу йилнинг шу кунидан эътиборан, яъни шу бугундан эътиборан заминимиз, табиатимиз, ерости бойликларимиз, жами иншоот ва корхоналар, халқимиз яратган хазиналар-у дафиналарнинг ҳаммаси жумҳуриятимиз ихтиёрига ўтади. Жами йўлларимизга, дарё-кўлларимизга, ҳайвонот-у набототдан тортиб сув, ҳаво темирйўлларгача – ҳамма ҳаммасининг соҳиби ўзимиз, ўз халқимиз… Ташқи иқтисодий алоқаларимиз ўз ихтиёримизда бўлади, шаҳар бозорларига ўзимиз йўл очамиз, фарзандларимизни дунёнинг энг мўътабар илмгоҳларида ўқитамиз…”
Мустақилликдан кейинги 1 йил ҳақида “Оила ва жамият” газетасининг 1992 йил 27 август сонида қатор мақолалар чоп этилади, улардан бирида эса ўзбек халқининг 1 йиллик аҳволи қандай экани ҳақида ёзилади. “Юртимизга мустақиллик билан бироз дастурхонимизнинг рангини ўчириб бозор деганлари ҳам кириб келди. У турли синовларни рўбарў қилиб забтига олмоқда. Синов оғир кечаётгани рост… Мустақиллик келди. Лекин ҳали йўқчилик борлиги, социализм бутун умр яшириб келган ўғрилик, юлғичлик мавжудлиги ҳам бор гап”.
Газетанинг “Етти кун” рукнида мустақиллик куни арафасига бағишланган қизиқ фикрларни ҳам учратиш мумкин.
– Биринчи сентябрга ўтар кечаси Тошкент туғуруқхоналарида дунёга келажак болакайларда мазза бўлади. Пойтахт ҳокимлиги мамлакатимизнинг мустақиллик байрами муносабати билан уларга биттадан аравача ва омонат кассалар орқали 1000 сўмдан пул совға қилмоқчи – деди ўтган шанба куни шаҳар ҳокими ўринбосари жаноб А. Раззоқов.
– Мустақиллик майдонида ўтажак байрам концертида болаларнинг 15га яқин ижодий жамоаси томоша кўрсатади. Улар орасида Ўзбекистон Болалар жамғармасининг “Томоша” театр-студияси жўжиқлари-да бор.
– Байрам кунлари 130 минг шиша чанқовбосди ичимликни, 30 тонна музқаймоқни истеъмол қилишлари мумкин. 234та махсус савдо дўкони уларнинг хизматда бўлади.
– Меҳмонхона буфетлари эса кечки соат 12гача ишлайди, чунки меҳмонлар ярим тунгача томоша билан банд бўлишиб, оч қолмасликлари керак.
–Ўша кунлари бутун республика савдо тармоқларига 376 миллион сўмлик саноат моллари савдога чиқади. Бу товарлар орасида болаларнинг кийим-кечаги-ю, ўйинчоқлари ҳам кўп, албатта.
– Аммо байрамнинг энг қизиқ томошаси мамлакатнинг бош майдонида бўлади. Вертолётлар тарихда биринчи марта миллий байроғимизни олиб ўтадилар. 21 марта тўплардан ўқ узилиб, салют берилади.
– 12 парашютчи эса вертолётдан сакраб, майдон осмонида шакллар ясаб, томоша кўрсатишади.
Одамлар мустақилликнинг 1 йиллигини жуда кўтаринки кайфиятда ўтказгани сезилади. Ёзилишича, Чирчиқда мустақиллик катта байрам қилинган. Янги туғилган чақалоқларга совғалар берилган, 3 келин-куёвга эса ҳар бири 22 минг сўм турадиган учта мебел берилган. Яна Жигаристон фалокатидан омон қолган Қурол Раховга 50 минг сўм берилган.
“Оила ва жамият”, 1992 йил 27 август