Тошкентда йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулаганига жамоатчилик муносабати

Улашиш:

Тошкент шаҳридаги йўл ўтказгич қуриш объектида узунлиги 42 метрлик 5 дона балка (бетонли тўсин) темирйўл устига қулаб тушди. Воқеа ижтимоий тармоқларда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Тўсин қулади

Жорий йилнинг 12 август куни пойтахтнинг Бобур кўчасидан Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи ва Содиқ Толипов кўчасига чиқиш ва тушишга имкон берувчи йўл ўтказгич қуриш жараёнида бешта тўсин (балка) монтаж жойидан темирйўл устига тушиб кетган. Қурилиш “Кўприкқурилиш” трести УК томонидан амалга оширилаётган бўлган. Узунлиги 42 метрлик 5 дона балкалар қулаб тушгани оқибатида 2 миллиард 760 миллион сўмлик зарар етказилган. Мазкур ҳолат юзасидан Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор шахслар гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Транспорт прокуратураси

“Яхшиям ҳозир қулабди”

Журналист Шуҳрат Шокиржонов Telegram'даги каналида воқеа ҳақида фикр билдириб, тўсин қулашига бошқа бир неча сабаблар бўлиши мумкинлигини ёзди.

“Балка бунақа қулаши учун у ё стандартдан калтароқ ишлаб чиқарилган бўлиши ёки ичидаги арматура билан жиҳозланиши меъёрида бўлмаслиги керак. Ё уни кўтариб жойига ўрнатаётганда краннинг троси узилиб, балка тушиб кетиши керак (анавилар шу вариантни танлашибди). Лекин чочилиб ер билан битта бўлиб ётган балканинг бир эмас бешталиги бу версиянинг зарарига хизмат қилмоқда. Менимча, арматура ва цементдан уришган. Анув қураётган темирйўлчиларнинг бахтига, яхшиям ҳозир қулабди. Битгач, устида мошиналар юрганда қуласа нима бўларди”,—деб ёзган журналист.

“Қўрқаман”

Иқтисодчи Отабек Бакиров янги қурилган кўприкларда ҳаракатланишдан қўрқишини, чунки уларнинг сифатига ишонмаслигини ёзди.

Отабек Бакиров
Фото: Марказий банк
“Янги даврда қурилган кўприкларнинг остидан ҳам, устидан ҳам ўтишга қўрқаман. Ер усти метросига нисбатан фобиям ҳали ҳам йўқолмаган. Лойиҳа қандай тузилади ва ясалади, буюртмачи ким, пудратчи, субпудратчи, етказиб берувчилар ким биламан, билмаганимда, балки шу қўрқувлар бўлмасмиди. Катта эҳтимол ва миллий анъанага кўра, Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилса керак. Тhе Departed фильмида “менга ўзимни ўзим қидириб топишимни буюришди”, деган эпизод борку, шу жойи эсимга тушади доим”, — дея фикр билдирган у.

“Шундай қўпол хато ҳам бўладими”

Иқтисодчи Валижон Тўрақуловнинг ёзишича, бир эмас нақд бешта йўл ўтказгич тўсинининг қулаб тушиши қўпол хато саналади.

Валижон Тўрақулов
Фото: Yandex
“Яхшиям бу ҳолат қуриб битказилгандан кейин бўлмади! Эътибор беринг! Ахир шунақанги қўпол хато ҳам бўладими? Биттаси эмас, 5 тасия... Ҳали ҳеч нарса юрмасдан туриб, а? Арматура қўйилганмикан ўзи деб ўйлаб қоласан киши. Гужурот воқеасини эслайсизми? Коррупция сабабли қулаган кўприк оддий соат ишлаб чиқарадиган фирмага бериб юборилгани маълум бўлган эди. Отабек аканинг фобияси меникидан ҳам каттароқ экан”, — дея фикр билдирган иқтисодчи.

Блогер Ақида Ҳанум ҳам Facebook'даги саҳифасида мазкур воқеага муносабат билдирди.

“Сизлар бирон нарса қурманглар экан. Ҳамма билди кўприк қулаганини. Сардобани энди унутаётгандик. Аэропортга олиб борувчи янги кўприк қулабди. Яхшиям қуриб битказилмаган, бўлмаса президент, хукумат азолари ёки унданам ёмони бошқа давлат раҳбари ўтиб кетаётганда нима бўларди?! 1966 йилда Лал Бахадур Шастрини тўсатдан вафот этгани етади. Оддий одамлар бўлса борми, барибир жим-жим бўлиб кетади”, — деб ёзган у.

Умуман олганда, ижтимоий тармоқларнинг кўплаб фаоллари мазкур воқеа тўғрисида ўз муносабатини билдирмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.