Зўравонликка учраган шахсларга ижтимоий хизматлар стандарти ишлаб чиқилади

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни ижтимоий хизматлар тизимини янада такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб белгиланиб, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳар бир инсон учун тенг шароитлар яратиш кафолатланган. Шу мақсадда ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатини рағбатлантириш, тазйиқ ва зўравонликка учраганларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда фақат ягона таъсисчиси ногиронлик бирлашмаси бўлган корхоналар маҳсулотлари давлат буюртмаси бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилинади.

Шу билан бирга, юртимизда ишчиларининг 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат 669 та корхона ҳамда 8 минг 300 нафар якка тартибдаги тадбиркор бор. 1-2 май кунлари пойтахтимизда ўтказилган “Инсон учун” номли кўргазмада уларнинг маҳсулотлари намойиш этилиб, 360 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди.

Бу борада аҳолига кенг имконият яратиш мақсадида ходимлари сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бор шахслардан иборат бўлган барча ташкилотлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг маҳсулотларини давлат буюртмаси бўйича тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилишга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Бунинг натижасида 3 мингга яқин тадбиркорлар томонидан қўшимча 20 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш имкони яратилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, жамиятда ҳар уч аёлдан бири зўравонликнинг муайян шаклига учрамоқда. Шунинг учун ривожланган давлатларда бундай шахсларга тезкор психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.

Юртимизда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга маҳалла даражасида кўрсатиладиган хизматлар йўқ. Туман даражасидаги амалий ёрдам сифати ҳам юқори эмас.

Шу боис зўравонлик ҳолатларида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг 3 босқичли янги тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, маҳалла даражасида   ижтимоий ходим, профилактика инспектори ва хотин-қизлар фаоли томонидан тазйиқ ҳолати ўрганилиб, доимий кузатиб борилади. Туман миқёсида  “Инсон” марказларида ҳимоя ордери талаб қилмасдан психологик, ҳуқуқий ва бошқа турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Шифохоналарнинг шошилинч бўлимларида бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади.

Вилоят даражасида реабилитация марказларида ариза талаб этмаган ҳолда ижтимоий хизматлар кўрсатиш шартномасига мувофиқ 6 ойгача бошпана ва чуқур реабилитация қилиш учун психологик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилади.

Бундан ташқари, таълим ва меҳнат муносабатларида зўравонликнинг олдини олиш чоралари ҳам кўрилади. Бунда ҳимоя ордерини бериш билан бир вақтда зўравонни тузатиш дастури ишлаб чиқилади ва “Инсон” маркази билан келишган ҳолда амалга оширилади. Ички ишлар органлари томонидан зўравонларнинг реестрини юритиш тартиби жорий этилади.

Зўравонликка учраган шахсларга ижтимоий хизматлар стандарти ишлаб чиқилади. Бу соҳада нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожлантирилади.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, уларни манзилли йўлга қўйиш, ҳар бир аёл учун муносиб турмуш ва меҳнат шароитлари яратиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.