“Ўзбекистон махсус олимпиадаси” жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон бўлими тарбияланувчилари ғалаба қозонишни, дўстлашишни ва ўзини намоён қилишни қандай ўрганмоқда.
Татьяна Шарафутдинова қизи Ангелина билан фахрланади. У модель, спортчи ва актриса. Қуёшли Анжелина камерага тушишни, интервью беришни, саҳнага чиқишни яхши кўради, у диққат марказида бўлишни ёқтиради. Бу йил у 22 ёшга тўлди. У “Ўзбекистон махсус олимпиадаси” жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон бўлимининг бошқа тарбияланувчилари билан биргаликда кўрик-танлов ва фестивалларда, мода кўргазмаларида қатнашиб келмоқда, мунтазам музей ва театрларга бориб, жамоасига қўшилган болаларга ёрдам бериб, ўзини намоён қилишда давом этмоқда. Ангелина спорт билан ҳам мунтазам шуғулланиб келмоқда. У биронта мусобақани ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади, онаси эса нафақат унинг мухлиси, балки спорт тадбирларининг фаол иштирокчиси ҳисобланади. Ангелине бир неча маротаба сертификат ва дипломлар билан тақдирланган, бу унинг қатъияти ва иродасиининг ёрқин тасдиғидир. Ангелина, Алсу, Феруза, Фахриддин, Султанбек – уларнинг ҳар бир куни маънога эга, ташхис эса ҳукм эмас, балки оддий тиббий хулосадир. Вояга етган ўғил-қизларнинг ота-оналари Махсус Олимпиада фарзандларининг касаллликка бўйин эгмасликни ўргатиб, тақдирини ўзгаритиб юборганини эътироф этишмоқда. Албатта, Даун синдроми ва асаб тизимининг бошқа касалликлари бўлган бемор болаларни мослаштириш осон эмас. Бундай болаларнинг янги ҳаёт сари илк қадам қўйиши, уларни ўраб турган одамларга тўлиқ ишониши замирида ота-оналардан тортиб, ўнлаб мураббий ва кўнгиллиларнинг машаққатли меҳнати ётибди.
Махсус Олимпия ҳаракати АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг синглиси Юнис Кеннеди Шрайвер ташаббуси билан вужудга келди.
У 1963 йили турмуш ўртоғи Саржент Шравейр билан бирга Мэриленддаги уйида ақли заиф болалар ва катталар учун спорт лагерини ташкил қилди. Натижа эса кутилганидан ҳам аъло бўлди – спорт бу одамларнинг ҳаётини ўзгартирибгина қолмай,уларни муваффақиятлар сари етаклади. Орадан беш йил ўтиб, 1968 йилда Чикагодаги “Солжер Филд” стадионида Анна Бюрке томонидан Кеннеди жамғармаси маблағлари ҳисобидан биринчи халқаро махсус Олимпия ўйинлари ўтказилди. Унда 1000 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Ўша йилнинг декабрь ойида эса Махсус Олимпиада ташкил этилди. Ўйинлар 1989 йилгача АҚШда ташкил этилган бўлса, кейинчалик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўтказила бошланди ва бу мусобақа Жаҳон махсус Олимпия ўйинлари деб аталди.
Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 22 июлда қабул қилинган Сенат томонидан 2020 йил 11 сентябрда маъқулланган
5-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш принципи
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва улар оилаларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бошқа фуқаролар билан тенг равишда ҳимоя қилиш ҳамда амалга ошириш кафолатларини белгилаш орқали таъминланади.
6-модда. Ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик принципи
Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун имкониятлар тенглигини таъминлашга ҳамда уларни жамият ва давлат ҳаётига жалб этишга қаратилган махсус чоралар бошқа фуқароларга нисбатан камситувчи чоралар ҳисобланмайди.
7-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги принципи
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги улар учун объектлар ҳамда хизматлардан, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалардан, соғлиқни сақлашдан, таълимдан, ишга жойлашишдан, шунингдек ахборотдан ва алоқа воситаларидан фойдаланиш кафолатларини яратишга ҳамда улардан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини беришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан таъминланади.
— Барчаси сабр-тоқат ва меҳр-муҳаббатга, алоҳида болалар алоҳида эътиборга муҳтожлигини тушунишга, энг асосийси, уларни қандай бўлса, шундай қабул қилишга боғлиқ, – дейди “Ўзбекистон махсус олимпиадаси” жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Гулшат Турсимуратова.- Мураккаб ташхисли болалар тарбияси билан шуғулланаётган оналарни ҳақиқиқй қаҳрамон, дейиш мумкин. Оналар фарзандининг ҳар бир кичик ғалабасидан хурсанд бўлади, уни илҳомлантиради, у билан бирга турли тадбирларда иштирок этади, бир-бири билан муоқот қилиш орқали кўплаб муаммоларни ҳал қилади..
Махсус Олимпиада – бу нафақат спорт, илк муваффақият ва ғалабалар, балки кучларни бирлаштириш, қийин вазиятлардан чиқиш йўлини топиш, янги дўстлар орттириш ва ўзи каби алоҳида эътиборга муҳтож болалар билан яқин бўлиш имкониятидир, – дея давом этади Гулшат Умирбековна.
Нурсулув Иброимованинг онаси Набира Ортиқова ташкилотнинг волонтёрларидан. У қизининг ҳаёти Махсус Олимпиада тадбирларининг фаол иштирокчисига айланганидан кейин бутунлай ўзгарганини айтади.
– Қизим меҳрибон, ғамхўр одамлар қуршовида эканидан қувонаман. Улар қизимга ишонади, истеъдодини намоён қилишга ёрдам беради, қизимни тенгдошлари билан мулоқот қилиш, ўйнаб-кулиш, атрофидаги дунёни кашф этишни истайдиган оддий қизалоқ сифатида кўради. Биз катталарнинг бу жараёнда биргаликда ҳаракат қилиши жуда муҳим, чунки бу фарзандларимизнинг келажаги учун бирлашиб олдинга интилишга куч беради, — дейди Набира.
ОРЗУЛАР САРИ ИЛК ҚАДАМ
“Одамга берилган энг катта имтиёз –
бу бошқаларнинг ҳаётидаги ўзгаришларга сабабчи бўлишдир.
Блез Паскаль
Набира Ортиқова бошқа ота-оналар сингари Махсус Олимпиада волонтёри сифатида болаларнинг республика бўйлаб ва хориж сафарларида ҳамроҳлик қилади, улар учун байрам тадбирларини ташкил этишда, турли мусобақа ва танловларга тайёргарлик кўришига ёрдам беради.
Ўтган йили улар Қозоғистон пойтахтида «Nasledie» жамоат бирлашмасининг йигирма йиллиги муносабати билан ўтказилган “Замонавий жамиятда имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш истиқболлари” халқро фестивалида иштирок этишди.
Ташкилотда Гулшат Турсимуратованинг тарбияланувчиларига яхши дўст, керакли ва фойдаси тегадиган инсон бўлишни ният қилган волонтёрлар, кўнгилли ёрдамчилар кўп. Ирина Тен, Айсанем ва Шахсанем Хожекеевалар, Элиза Янгибаева, Қудрат Қалиқназаров, Манас Жарилқасинов – ана шундай қалб амри билан келган кўнгиллилар, уларнинг ёрдамисиз болалар ва уларнинг оналари ҳеч нарса қила олмасди. Бу йигит-қизлар бўш вақтини болалар билан мулоқот қилишга бағишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 февралдаги қарори
НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:
а) ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ва уларга ғамхўрлик қилувчи шахсларга ўз ҳуқуқларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчи фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзларнинг ягона рўйхатини шакллантирсин ва доимий янгилаб борсин;
Адлия вазирлиги билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ғамхўрлик қилувчи фуқаролар учун белгиланган имтиёзларнинг ягона рўйхатини «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилиб, Интернет тармоғи орқали мунтазам ёритиб боришни таъминласин;б) Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ билан биргаликда уч ой муддатда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишда дастлабки синов муддатини қўллаш масаласини хорижий илғор тажрибалар асосида ўрганиб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
– Уларнинг ҳар бир кичик муваффақияти барчамиз учун катта қувончдир. Бу болакайларнинг спорт билан дўстлаша бошлаганини, қўшиқ айтиб, рақсга тушганини кўрсангиз, кунингиз беҳуда ўтмаганини англаб етасиз, – дея жилмаяди Қудрат Қалиқназаров. – Биз уларга берганимиздан кўра улардан кўпроқ нарса оламиз. Бу уларнинг меҳр-муҳаббати ва ишончи. Энг муҳими шу аслида. Чунки шу олий туйғулар атрофимиздаги барча нарсани сақлаб турибди.
Гулшат Турсимуратова жамоат бирлашмасига 12 йилдан буён раҳбарлик қилиб келмоқда. Нодавлат ташкилотларда ишлаш бўйича катта тажрибага эга Гулшат Умирбековна айнан мана шу ташкилотда ўзининг ҳақиқий ўрнини, ишини топди. “Олимпиячилар” учун бир неча бор амалдорлар билан зиддиятларга ҳам борди, тадбирларни ўтказиш учун маблағ қидирди, ижтимоий реабилитация имконияти чекланган болалар ҳаётининг муҳим қисми эканлигига ота-оналарни ишонтиришга уринди.
— Бизга келгач, болалар ўз қобилиятини намойиш этиши, чемпион бўлиши ёки жамоада ишлашни ўрганиши билан бирга уларнинг ота-оналарига фарзандларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кундалик муаммоларни ҳал этиш, давлат органларига турли саволлар билан мурожаат қилишда ёрдам берамиз, – дейди Гулшат опа.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 февралдаги қарори
НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Белгилаб қўйилсинки, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ва уларга ғамхўрлик қилувчи (йўлда кузатиб борувчи) бир нафар фуқаро учун давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан, шу жумладан давлат хизматлари марказлари, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият муассасаларида фуқароларнинг бевосита ҳозирлигида (жойида) кўрсатиладиган хизматлардан навбатсиз фойдаланиш, давлат идоралари раҳбарлари (мансабдор шахслари) қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёз берилади.
Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 майдан бошлаб тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади, жумладан:
стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади;
болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш йўлга қўйилади.
Улар орасида бирлашманинг келгусидаги чора-тадбирлар режаларини тузишга ёрдам бераётган давлат органлари вакиллари, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари, тадбиркорлар бор.
“Сладкий мир”, “Еврострой”, “Айдин авлод” каби масъулияти чекланган жамиятлар раҳбарлари, тарбияланувчиларимизни доим байрамона дастурхон тузаб, меҳмон қиладиган “Тўмарис”, “Сантини”, “Султанбек”, “Голд Миллениум” ресторанлари эгалари катта ҳомийлик ёрдамларини кўрсатмоқда.
Шунингдек, болаларимиз бепул ташриф буюрадиган И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи, Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти давлат музейи, барча давлат театрлари уларни доим қучоқ очиб кутиб олишади.
Тарбияланувчиларнинг ҳаётида спорт мустаҳкам жой эгаллади. Бу нафақат секциялардаги машғулотлар, балки халқаро миқёсдаги жиддий мусобақаларга тайёргарлик деганидир.
Ҳозирги кунда Омирниёз Нурниязов ва Назлимхон Қуанишбаева жорий йилнинг июнь ойида Германияда бўлиб ўтадиган навбатдаги Бутунжаҳон Махсус Олимпия ўйинларида стол тенниси бўйича мусобақаларда иштирок этиш учун ҳозирлик кўрмоқда.
Мураббий Ислом Тажимуратов болаларга катта ишонч билдирмоқда, Нукус шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бўлажак чемпионлар учун барча шароит яратилган.
– Ота-оналар алоҳида эҳтиёжли болага ўзини жамиятнинг аъзоси сифатида ҳис қилиш, шифокорлар хулосаси уларнинг тўлақонли ҳаёт кечириш ҳуқуқини чеклаб қўймаслигини англаш имкониятини қанча эртароқ берса, шунчалик тез уни бахтиёр кўриши мумкин. Биз бу борада уларга ёрдам беришга доим тайёрмиз. Биргаликда орзулар сари қадам ташлаш осонроқ, – дейди Гулшат Турсимуратова.
Алена АМИНОВА