Тошкентда блогерга тажовуз бўлгани юзасидан ИИББ расмий муносабат билдирди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда ютуб-блогер Абдуқодир Мўминовнинг видеомурожаати тарқалиб, унда бир нечта номаълум шахслар унга тан жароҳати етказгани ва автомашинасига шикаст етказишганлигини маълум қилган.
Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Унда айтилишича, жорий йилнинг 23 декабрь куни тахминан соат 22.30 ларда фуқаро А.Мўминов «102» рақамига қўнғироқ қилиб, Яшнобод туманида номаълум шахслар уни уриб тан жароҳати етказиб, унга тегишли бўлган «Samsung S21 Ultra» русумли уяли алоқа воситасини олиб кетишганлигини, шунингдек унинг автомашинасига қаттиқ жисм билан уриб шикаст етказишганлигини маълум қилган.
Мазкур хабар асосида воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, барча зарурий тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилган ва холислар иштирокида воқеа жойидан 5 дона қўл бармоқ изи ва 1 дона бейсбол битаси далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Шунингдек, фуқаро А.Мўминовдан бир дона флешкадаги видеоёзувлар текшириб қўриш учун процессуал тартибида олинган.
Қайд этилган ҳолат юзасидан Жиноят rодексининг 164-моддаси («Босқинчилик») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган. Тошкет шаҳар ИИББ раҳбариятининг топшириға кўра, ушбу жиноятни фош этиш мақсадида малакали ходимлардан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан барча зарур тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.