Тошкентда икки шахс қалбаки $40 мингга хонадон сотиб олди

Улашиш:

2021 йил 5 август куни фуқаро Ҳ.Т. ҳамда “Аброр” исмли шахслар фуқаро Ж.Р.нинг ишончига кириб, унга тегишли бўлган Тошкент шаҳри, Марказ-5 мавзесида жойлашган хонадонни 40 минг АҚШ долларига сотиб олишини ваъда қилиб, 4 пачка 100 АҚШ долларлик қалбаки купюраларни (39,6 минг АҚШ доллари қалбаки 400 АҚШ долари ҳақиқий) берган ҳолда хонадонни нотариал тартибда ўзининг номига расмийлаштириб олган.

Шу куни Ҳ.Т. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, жиноий шериги “Аброр” исмли шахс билан бирга Ж.Р.га берилган 496 дона қалбаки, 4 дона ҳақиқий 100 АҚШ долларлик купюраларни ва хонадон ҳужжатларини эгаллаш мақсадида Р.Ж.нинг хонадонига ғайриқонуний равишда тўппонча билан қуролланган ҳолда бостириб кириб, уни уриб, қўрқитиб, бўғган ҳолда Ҳ.Т. томонидан берилган қалбаки пулларни ва уй ҳужжатларини беришни талаб қилиб, Р.Ж.га тан жароҳати етказишган. 

Ҳолат юзасидан номаълум шахс “Аброр”га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди, 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 176-моддаси 3-қисми “а” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Суриштирув ишлари давомида, 2021 йилнинг 17-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ, Ўзбекистон Республикаси ДҲХ ва Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида, “Аброр” исмли шахс, 1995 й.т., Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи, фуқаро Х.А. эканлиги аниқланиб, Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган “Ғишт-Кўприк” божхона постида қўлга олинди ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ ВСҲга жойлаштирилди. 

Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишларини Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан олиб борилмоқда. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.